“Иш қидириб сарсон бўлманг. Биз ўзимиз сизга тавсия қиламиз…” Самарқанд давлат университетида ўтказилган “Каръера куни – меҳнат ярмаркаси” талабалар учун шундай имконият яратдими⁈
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Каръера куни – меҳнат ярмаркаси” талабалар учун ўз соҳаларида доимий иш топиш имкониятини тақдим этди.
Тадбирда СамДУ ўқув ишлари бўйича проректорлари, профессор Аҳмаджон Солиев, Рустам Йўлдошев, Самарқанд вилоят камбағалликни қисқартириш бандлик бошқармаси ўринбосари Шоҳрух Эшонқулов, вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳамда иш берувчи ташкилотлар иштирок этди.
Эътиборлиси, талабгорлар иш қидириб давлат ташкилотлари эшигида овора бўлгани йўқ. Вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳамда бир қатор давлат ташкилотларининг ўзлари талабгорларга тегишли йўналишлардаги вакантларини таклиф қилди.
Тадбир сўнгида талабалар иш берувчи ташкилотлар билан суҳбатлашиб, таклиф этилаётган иш ўринлари билан танишди. Мазкур вакантлар турли-туман йўналишларда бўлиб, талабалар ўзлари учун қулай бўлган муассасани танлашлари ҳамда келишув ва суҳбат асосида ишга жойлашишлари мумкинлиги ҳақида атрофлича маълумот олдилар.
Талабалар бандлигини таъминлаш асосий масала сифатида кўтарилаётган бугунги замонда бу каби меҳнат ярмаркалари талабалар учун қулай имконият. Шундай экан, ундан ўз карерасини шакллантириш йўлида фойдаланиб қолиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.