Ғафур Ғулом катта ўзбек адабиётининг бир улкан қояси янглиғ  асрлардан-асрларга, авлодлардан-авлодларга мағрур ўтиб келмоқда.

    Ғафур Ғуломни ўрганиш, билиш, тадқиқ этиш тобора маънавий заруратга айланиб бормоқда.

    Ғафур Ғуломни англаш бу ўзбек халқини англаш, Ғафур Ғуломга ҳурмат ва эҳтиром бу ўзбек халқига кўрсатилган илтифотдир.

    Ғафур Ғулом сингари улуғ инсонларнинг номи, шони бевосита халқ номи ва шони билан чамбарчас боғланган.

    Бундай бахтга, бундай рутбага сазовор бўлиш учун Ғафур Ғулом бўлиш керак. Ватанини, халқини Ғафур Ғулом даражасида севиш керак, улуғлаш керак, куйлаш керак.

    Мен Ғафур Ғуломни шахсан тириклигида кўрган, унинг ҳаётбахш суҳбатларидан баҳраманд бўлганларданман.

    Ғафур Ғулом бир уммон эди. Тўлқинлари самони қучишга қодир, уйғоқ бир уммон эди.

    Мен Ғафур Ғуломни нафақат шоир, балки катта қалб эгаси бўлган инсон сифатида ҳам яхши биламан.

    Ғафур Ғулом том маънодаги эзгулик элчиси, маърифат жарчиси эди. У кириб борган давраларга Бедил кириб борарди. Навоий кириб борарди. Ўзбек халқининг улуғвор тарихи кириб борарди.

    Ғафур Ғулом шеъриятида умуминсоний ғоялар яшайди. Бу борда у жаҳоннинг манаман деган шоирлари билан бемалол тенглашади. Баъзи бир ўринларда эса улардан баланд ҳамдир.

    Ғафур Ғулом поэзиясида ўзбекнинг қалби намоён бўлади.

    Бу шеърият сатрларга, буғинларга сиғмасди. Унинг прозаси ҳам, таржимонлиги ҳам, олимлиги, академиклиги ҳеч кимга ўхшамасди.

    Ғафур Ғуломни такрорлаб бўлмайди. Ғафур Ғулом йиллар, асрлар ўтса-да яшайверади. Уни ўрганувчилари, изланувчилар учун ўзининг янгидан-янги қирраларини очаверади.

    Бугун бизга Ғафур Ғулом маърифати, Ғафур Ғулом маънавияти ҳар қачонгидан-да зарур.

    У буюк сиймо эди. У буюк қалб эгаси эди. У ўнлаб, юзлаб олиму уламоларга, шоиру ёзувчиларга қалқон вазифасини ўтаган эди.

    Ғафур Ғулом халқини, Ватанини севар эди. Шеърларида уни мадҳ этар эди.

    Ғафур Ғулом Самарқандни, Самарқанд давлат университетини яхши кўрар эди. Самарқандлик адабиётшунос олимлар академик Воҳид Абдулло, профессор Орифжон Икромов, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Нуриддин Шукуровларни жуда қадрларди. Бугун бу ерда Ғафур Ғуломнинг миннатдор руҳи кезиб юрганига ишонаман.

    Ғафур Ғулом биз билан. Донишманд шоир, аллома шоир асарлари халқимизнинг маънавий меросига айланиб бўлган...

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

Самарқанд давлат университети профессори.