Самарқанд давлат университетида “Замонавий географик тадқиқотлар: назария, амалиёт, инновация” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

    Конференцияда АҚШ, Россия, Италия, Белоруссия, Япония, Руминия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон каби 20 га яқин давлатлардан 200 дан ортиқ олимлар иштирок этди.

    Анжуман аввалида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтов ўқиб эшиттирди.

    Асрлар давомида инсонлар ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида  табиат бойликларидан фойдаланишнинг янгидан-янги усулларини ўйлаб топишган. Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Замонавий география фани мураккаб математик моделларга асосланиб, глобал иқлим ва атроф-муҳит ўзгаришлари ҳамда уларга табиий ва антропоген омилларнинг таъсирини ўрганадиган фандир. Сўнгги йилларда бошқа соҳаларга кириб келгани каби география фанларига ҳам  инновациялар жорий этилмоқда.

    -Янгидан-янги назариялар инновациялар билан ўртоқлашиши  илм-фан тараққиётига асос бўлади.  Конференцияда дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган олимлар иштирок этаётгани келгусидаги географик тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш учун муҳим қадам бўлади, - дейди география фанлари номзоди, Москва давлат университети доценти Александр Даншин. - Москва давлат университети ва Самарқанд давлат университети азалий алоқаларига эга. Мазкур конференциядан сўнг география соҳасида ҳам ҳамкорликдаги тадқиқотларда катта янгиликлар бўлишига ишонаман.

    – Бугунги конфенренция ҳозирги замон географик тадқиқотларида назарий ёндашувлар, уларни муайян тизимга солиш, таҳлил ва тадқиқотлар натижаларини амалиётга самарали татбиқ этиш йўлларини аниқлаш каби  муаммоларга бағишланган, - дейди Ўзбекистон География жамияти раиси ўринбосари, ЎзМУ профессори Фазлиддин Ҳикматов. - Замонавий география соҳасида бугунги давр талабларига жавоб берадиган тадқиқотлар ва уларни  амалиётга жорий қилиш масалалари долзарб саналади.

    Халқаро анжуманда  “Табиий географик тадқиқотларда ГИС технологиялари ва инновацияларни қўллаш”, “Ижтимоий-иқтисодий географияда амалий тадқиқотлар, методлар ва инновация”, “Сув ресурсларидан фойдаланиш ва баҳолашда инновацион технологиялар”, “Экология ва атроф-муҳит мониторингида инновацион ёндашувларнинг аҳамияти” ва “Педагогик кадрларнинг малакасини ошириш ва таълим самарадорлигини таъминлашда инновациянинг роли” каби шўбаларга бўлинган ҳолда халқаро анжуман фаолиятини давом эттирди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.