Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб “Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

    Унда республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва  Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги иштирок этди.

    Анжуманни Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов очди.

    Шундан сўнг сўзга чиққанлар Ғафур Ғулом шахсияти ва ижодининг ўзига хос қирралари, шоир поэтикасининг халқчиллиги ва теран мазмунга бойлиги ҳақида фикрлар билдирди.

    – Ғафур Ғуломни англаш бу ўзбек халқини англаш, Ғафур Ғуломга ҳурмат ва эҳтиром бу ўзбек халқига кўрсатилган илтифотдир, - дейди Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддинов, - Ғафур Ғулом сингари улуғ инсонларнинг номи, шони бевосита халқ номи ва шони билан чамбарчас боғланган. Мен Ғафур Ғуломни нафақат шоир, балки катта қалб эгаси бўлган инсон сифатида ҳам яхши биламан. Ғафур Ғулом том маънодаги эзгулик элчиси, маърифат жарчиси эди. Шоир шеъриятида умуминсоний ғоялар яшайди. Бу борда у жаҳоннинг манаман деган шоирлари билан бемалол тенглашади. Баъзи бир ўринларда эса улардан баланд ҳамдир. Ғафур Ғулом поэзиясида ўзбекнинг қалби намоён бўлади.

    Анжуман давомида Самарқанд давлат университети филология факультети “Беҳбудий издошлари” театр жамоаси аъзолари ижросида Ғафур Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикояси асосида саҳна кўриниши намойиш этилди.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.