Атоқли олим, профессор Рахматулла Қўнғуров таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб конференция ўтказилди

Самарқанд давлат университетида атоқли ўзбек тилшуноси, Ўзбекистон фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Рахматулла Қўнғуров таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб “Ўзбек тили стилистикаси ва нутқ маданияти масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Анжуманда республиканинг турли нуфузли таълим муассасалари ва ташкилотларидан олимлар ҳамда СамДУ профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Тадбир аввалида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг конференсия иштирокчиларига йўллаган табригини илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтов ўқиб эшиттирди.
Конференция давомида олимнинг илмий мероси, ўзбек тили услубшунослиги мактабига тамал тоши қўйган фаолияти ҳақида билдирилган фикрлар ва олим хотирасини абадийлаштиришга оид таклифлар Рахматулла Қўнғуров хотирасига эҳтиромнинг ўзига хос намунаси бўлди.
– Бугунги анжуман орқали ёш авлод кўз ўнгида Рахматулла Қўнғуров сиймоси янада ёрқин кўринишда намоён бўлиши шубҳасиз, - дейди филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров, - Конференциядан кўзланган асосий мақсад ҳам шу аслида. Умрбоқий асарлари билан ўзбек тилшунослиги равнақига ҳисса қўшган забардаст олим илмий мероси ва ҳаётини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш, нафақат аждодлар ва аводлар ўртасидаги руҳий барқарорлик, балки улуғ авлодни тарбиялаш ва таълим бериш йўлида ҳам мустаҳкам асос бўлиб хизмат қила олади. Рахматулла Қўнғуровнинг услубшунослик ва нутқ маданияти, умуман ўзбек тилшунослигининг барча тармоқлари ривожига қўшган ҳиссаси, мазкур соҳаларда олиб борган тадқиқотлари, қолдирган илмий меросини тўла-тўкис ўрганиб чиқиш, тарғиб қилишга йиллар керак. Аммо бугунги анжуман қисқа фурсатда ана шундай шарафли вазифанинг муайян қисмини бажара олди, деб ўйлайман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.