Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти томонидан ташкил этилган нуфузли анжуманда Хитой, АҚШ, Англия, Корея, Германия, Швеция, Франция, Исландия, Испания, Россия каби давлатлардан 100 га яқин олимлар ҳамда республикамизнинг 30 дан ортиқ илмий тадқиқот ва таълим муассасаларидан 50 дан зиёд мутахассислар ва СамДУ илмий жамоатчилиги иштирок этди.

     -Фотоника ва оптик алоқа, оптик толали компонентлар фундаментал тадқиқот йўналиши ҳар қайси мамлакат учун муҳим соҳа ҳисобланади. Бугун ҳаётимизнинг асосий қисмига айланган смартфонлардан тортиб ноутбуклар, интернет тўлқини, у орқали ахборотларни узатиш жараёни мазкур соҳа билан боғлиқ. Нурланиш, узатиш, модуляция, сигналларни қайта ишлаш, алмаштириш ва кучайтириш орқали фотонлар шаклида ёруғлик тўлқинини ҳосил қилиш ҳамда унинг хусусиятларини ўрганиш орқали интернет тезлигини ошириш, маълумотларни тез, сифатли ва ишончли узатиш, рақамли тиббиёт каби муҳим тармоқларда самарали натижаларга эришиш мумкин. Соҳага оид ўрганилаётган ҳар бир масалада халқаро миқёсда тадқиқот олиб бориш зарур. Мамлакатлар физиканинг энди ривожланаётган ушбу йўналишларидаги мавжуд имкониятларини бирлаштирса, муваффақиятга эришиши ҳам осон бўлади. Бу борада халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти менда жуда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонда бугун шу каби институтларга эҳтиёж жуда катта деб ўйлайман. СамДУ Муҳандислик физикаси институти бу йўлда дастлабки қадам. Мана шундай институт ташкил қилгандан кейин физика фани ривожи ҳақида гапирса бўлади. Салобатли бино, барча замонавий жиҳозларга эга лабораторияларни кўриб, қойил қолдим. Ўзбекистонда бугун илм-фан инқилоби юз бермоқда дейишга барча асослар етарли...  

    Анжуманда нанофотоника ва плазмоника, ёруғликнинг қаттиқ жисмлар билан ўзаро таъсири, фотоника учун янги материаллар, квант криптографияси каби соҳаларда илмий тадқиқот олиб бораётган хорижий мамлакатлар олимларининг маърузалари тингланиб, соҳага оид тадқиқотлар ва  йирик халқаро лойиҳаларга ўзбекистонлик олимларни ҳам янада кенг жалб этиш, турли мамлакатлар етакчи олимлари билан нанофотоника фанининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш бўйича фикрлар алмашилди.

    Беш кун давом этадиган халқаро конференцияда нанофотоника ва метаматериаллар бўйича 150 га яқин маъруза тингланиб, физиканинг бошқа бир нечта йўналишлари бўйича долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

 

    Ирода БЕКМУРОДОВА,
    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими.
    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.