Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти билан танишган ҳар бир инсон “Бобурнома” асарида тасвирланган жойларни кўриш, буюк аждодимиз юрган йўллардан юриш истагида бўлиши табиий ҳол. Менда ҳам кейинги пайтларда бутун дунё назарига тушган қадимий гўша - Бобур яшаган  Ахсикентга бориш истаги туғилди. Илмий раҳбарим СамДУ мумтоз адабиёт тарихи кафедраси мудири, филология фанлари доктори Исроил Сулаймонов ҳам фикримни қўллаб-қувватлаб, ноёб қўлёзмалар билан танишиш кейинги илмий ишларим учун пойдевор бўлишини таъкидлади.

    Шу тариқа Андижон томон йўлга тушдим. Ота-онам ҳамроҳлигида Ахси қишлоғига етиб боришимиз билан маҳобатли жоме масжиди қурилиши бизни ҳайратга солди. Маҳаллий аҳоли томонидан бунёд этилаётган ва бунёдкорлик ишларида Ахси саййидлари илмий-маърифий, меъморий мажмуаси раҳбари фақиҳ олим, араб тилини мукаммал биладиган мутахассис Билолхон Рустамов бош-қош бўлаётган улкан мажмуа ўзининг бетакрор кўриниши, салобати, муҳташам миноралари билан алоҳида ажралиб туради. Ахси саййидлари зиёратгоҳи ва қабристон Шўролар давригача 20-30 гектар жойни эгаллаган, кейинчалик вайрон қилинган. Бу харобага айланган жойларда 2016-йилдан бошлаб ободончилик ишлари бошланган. У ердаги катта қабр Махдум Аъзам саййид Аҳмадхўжа бобомизнинг учинчи боболари Саййид Бурҳониддин ҳазратларига тегишли бўлиб, бу зот 1370 йилда 75 ёшда вафот этган. Бу жой Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх мирзонинг пирлари Саййид мир Аҳмад Қози, Бобурнинг пирлари Саййид Абдулло Қозилар ётган табаррук гўшадир.

    Билолхон домла Ахсида 400 йиллар  аввал даҳшатли зилзила туфайли шаҳар вайрон бўлгани, ўрнида Ахсу қишлоғи қолгани, шунинг учун бу ерлар кавланса шаҳар қолдиқлари чиқиши тўгрисида ҳам гапирдилар.

    Қабристонда дафн қилинган номаълум шаҳид инсон ҳақидаги ҳикоя бизни ҳайратга солди. Шаҳиднинг қабри янги қабр қазиш жараёнида очилиб кетганда  қабр қазиётган одамларнинг қўлларига қон теккан. Кейинчалик ҳам қабр сув остида қолганда эски қабрнинг бир чети очилиб қолади. Шу ердагилар, жумладан, Билолхон Рустамов ҳам шаҳиднинг жасади бус-бутун сақланганига гувоҳ бўладилар. Қабрдан муаттар ҳид таралиб, одамлар бу ҳид қаердан келаётганини билмай ҳайратга тушадилар, бу ҳид анча вақтгача одамларнинг уст-бошидан кетмайди. Зиёратгоҳда 3-4 асрлик тарихга эга бўлган чиллахона ҳам бор.

    Ахси музейидаги осори атиқалар ва нодир қўлёзмалар бизни жуда қизиқтирди. Бу қўлёзмалардан ўттизга яқини маҳаллий аҳоли томонидан тақдим этилган. Билолхон Рустамов улар орасида 1200 йил аввал битилган Калом илми – ақоид фалсафасига оид китоб борлиги, бу китоб зер-у забарсиз ёзилганига қараганда VII-VIII асрларга тегишли эканлиги, Марказий Осиёда энг нодир топилма сифатида баҳоланганини айтди. Яна бир ноёб ёдгорлик ўн асрлик тиббий қўлланмадир. Қўлланмада турли дуолар ва уларнинг шарҳлари битилган бўлиб, китоб шаклига келтирилмасдан 5 метрлик узун тасма ҳолида битилган. Муаллифи Абулфайз Файзий бўлган, табобат, дуо, вирдлар тўпламидан иборат. ХVI асрга тегишли бўлган қўлёзма эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг набираси Акбаршоҳга атаб битилган.

    Булардан ташқари, янги қабул қилинган китоблар орасида XVII-ХIХ асрларга оид тариқат одоблари ҳақидаги “Танбеҳоти дарвешия”, “Қиссаи Иброҳим Адҳам”, “Қиссаи Имоми Ҳасан Имоми Ҳусан”, фиқҳ, яшаш одоблари ҳақидаги “Салоти Маъудий”, тарихга оид катта босма китоб “Чор китоб”, Пайғамбаримиз сийратлари ҳақидаги “Сияри шариф”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари (ноёб суратлари билан), Фузулийнинг Санкт Петербург назорати остида 1891 йилда Тошкентда Лахтин литографиясида босилган “Лайли ва Мажнун” китоби, Сўфи Оллоёрнинг ўн минг байтдан иборат “Маслак ул-муттақин” китоблари мавжуд. Бу китобларнинг аксариятидан парчалар ўқишга ҳам ҳаракат қилдик. Яна бир китоб Абдураҳмон Жомий томонидан форс-тожик тилида ёзилган, “Шарҳи Мулло Жомий” деб аталади. Билолхон Рустамов қўлёзмадан айрим парчаларни изоҳладилар. Араб тили грамматикаси тўғрисида ёзилган бу китоб Абдураҳмон Жомийнинг ўғли Зиёвуддин Юсуфга бағишланган. Жомийнинг фарзандига қилган насиҳатлари ҳам мавжуд. Унда Жомий тенгсиз ташбеҳлар қўллаганки, қалбларимизда сокинлик ва ҳайрат пайдо бўлади. “Фароғатга эришишни истасанг, чўнтакларингни бўшатиб қўй, нол сифри (сифр арабча сўз, рақам) ҳам холи бўлгани учун рақамларнинг бошидан ўрин олган”, - дейди Жомий.

    Улкан мажмуанинг бунёд этилиши, маданий меросимизнинг тўла-тўкис сақланишида Ахсикент археология мероси обектини муҳофаза қилиш ва тақдқиқ этиш дирекцияси директори, мутахассислиги иқтисодчи бўлса-да эски қўлёзмаларни ўқийдиган, араб ва форс тилларидан хабардор бўлган Анвар Икромов ҳам осори атиқалар ва нодир қўлёзмалар ҳақида бир қатор қимматли маълумотларни бериб, ҳозирда Ахси музейида турли даврларга оид мингдан зиёд тангалар сақланаётгани, улар ичида 475-600 йилларга оид Сосонийлар кумуш тангалари борлигини, шунингдек, дунёга машҳур Дамашқ қиличларидан биттаси шу музейда эканлигини тилга олдилар. Дамашқ қиличларининг ўткирлиги, бундай қиличлар ахсилик усталар томонидан ясалиб Дамашқда сотилгани учун шундай номланишини тушунтирдилар.

    Мен бу бебаҳо ёдгорликлар мажмуидан жуда катта таассуротлар билан қайтдим. Ахси халқининг бой тарихимизга бўлган муносабати, фидойилиги, қолаверса, бунёдкорлик ишларга муносиб инсонлар бош бўлаётганидан хурсанд бўлдим. Келгусида ўзим учун нодир қўлёзмалар билан ишлашдек илмий режалар ҳам тузиб олдим.

 

    Дилафруз Сайипова,

    СамДУ Каттақўрғон филиали

    гуманитар фанлар кафедраси ўқитувчиси