гап эгасини топади...

    Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,

    Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам...

    Алишер Навоийнинг ушбу сатри бугунги кунларимизга нақадар ҳамоҳанг.

    Самарқанд давлат университети халқимиз учун муқаддас даргоҳ. У бизнинг онамиз. Унинг шаънига айтилаётган ҳар бир салбий гап менинг юрагимга ўқдай қадалади.

    СамДУ дегани бу бир тўда имтиҳондан йиқилган,  имтиҳондан ўтиш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган талабалар эмас...

    Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда, Самарқанд давлат университети атрофида юз бераётган туҳмат ва бўҳтонлардан кўнглим оғриди.

    Бу фитналарнинг бошида турганларга Аллоҳдан инсоф сўраган ҳолда баъзи бир фикрларимни баён этмоқчиман.

    Биз қандай халқмизки, на олимни,  на илмни, на таълимни қадрламаймиз. Уларни оғзимизга келган гаплар билан ҳақорат қиламиз, камситамиз.

    Имтиҳондан йиқилган бир тўда талабаларни баҳона қилиб, Самарқанд давлат университетини оёқ ости қилишга, университетнинг асрий шон-шуҳратини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

    Ижтимоий тармоқларда СамДУ ҳақида тарқатилаётган иғволарга бефарқ бўлмаслигимиз керак деб ўйлайман.

    СамДУ да фаолият кўрсатаётган 1000 яқин профессор-ўқитувчилар шаънини булғаётганларга томошабин бўлиб туриш, уларнинг ҳақоратларига сукут сақлаш мақсадга мувофиқ  эмас, деб ҳисоблайман.

    Талабага домлани видеога олишни буюраётганлар, устидан ёзишни ўргатаётганлар, туҳмат қилишга ундаётганлар маънавий қашшоқ кимсалардир.

    Уларга савол бергим келади: Ўзинг шу халқ учун нима қилгансанки олимни хўрлаяпсан, иззат нафсига тегяпсан.  Сени ҳам домла ўқитгандир. Наҳотки ота-онанг шундай тарбия берган бўлса.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг шаънига айтилаётган гапларни эшитиб, ўқиб ё алҳазар дейман. Мен шу кунгача 15 га яқин ректорлар билан бирга ишлаган бўлсам бирортаси СамДУ учун Рустам Холмуродов даражасида хизмат қилгани йўқ.

    Рустам Холмуродовни муҳокама қилишга  маънавий ҳақларинг йўқ. Ҳукм чиқаришга ҳам. Домланинг кимлигини эл-юрт яхши билади.

    Самарқанд давлат университетида жаҳоншумул ишлар қилинмоқда. Қурилиш-бунёдкорлик авжида. СамДУ бутунлай замонавий таълим даргоҳига айланмоқда. Бу эзгуликларни кўриш учун қалб кўзи очиқ, юрак тоза бўлиши керак.

    Қачонгача яхши раҳбарларнинг қадрига етмаймиз? Уларнинг ишларига халақит берамиз. Соғлиғига путур етказамиз. Асабини бузамиз, Туҳмат қиламиз. Обрўсизлантиришга ҳаракат қиламиз.

    Тўғри Рустам Холмуродовнинг  ишлари, ҳалоллиги, талабчанлиги кимларгадир ёқмаслиги табиий.

    Олий таълим даргоҳидаги 50 йиллик тажрибам шуни кўрсатадики ўқиган талабага, билимли талабага ҳеч ким керак эмас. У фақат ўзининг билимига таянади. У ўқитувчисини ёмон отлиқ қилмайди. Университети устидан мағзава ағдармайди.

    Энг афсусланарлиси, ачинарлиси бундайларни қўллаб-қувватловчиларнинг борлигидир. Уларни оёқлантираётганларни, тегирмонига сув қўяётганларга ачинаман.

    Бугун Самарқанд давлат университети ва унинг ректори ва жамоа  муҳим ишлар билан банд.

    Мустақиллик байрами арафасида ўнга яқин ўқув бинолари, лабораториялар, талабалар турар жойлари ишга тушади. Янги биокимё, инсон ресурслари ва маҳалла институти ташкил этилади.

    Илтимос халақит берманглар. Шу кунгача бирор ишни қойил қилганингизни, одамларнинг оғирини енгиллатганингизни  билмайман. Эшитмаганман. Ҳеч бўлмаса тўсқинлик қилманг...

    Туҳмат ёмон. Унинг учун нариги дунёда ҳам сўроқ-жавоб бор. Бир инсоннинг кўнглини оғритишни машойиҳларимиз каъбани вайрон қилганга тенглаштиради...

 

Самарқанд давлат университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи
 Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ фейсбук саҳифасидан олинди