Олий таълим ҳақида тасаввурларимиз ўзгармас экан, бу соҳада ўзгаришлар бўлиши қийин. ОТМларда кейинги йилларда кўзга кўринадиган ишлар олиб борилмоқда.
    Шундай университетлардан бири СамДУ ҳисобланади. Илмий ва педагогик салоҳият жиҳатдан нафақат республикамиз, балки МДҲда ҳам ўз ўрнига эга. Мамлакатимизга сифатли кадрлар етиштириб беришда пешқадам ОТМлардан ҳисобланади.
    Бугун қулоққа эшитилаётган айрим хунук гаплар университет нуфузига соя сола олмайди. 
    Кейинги йилларда қамровни кенгайтириш масаласида қабул квоталарининг оширилиши, кўпчиликка ўқиш имкониятининг берилиши айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Аслида билимли, билимга интиладиган талабадан ўқитувчи бирор нима таъма қилмайди. Буни узоқ йиллар университетда дарс берган бир ўқитувчи сифатида биламан.
    Талабалар ўқиш машаққатидан қочишга, енгилроқ йўлларини излашга интилади. Ўқитувчига доим ноқонуний вариантларни талабалар таклиф қилади. Бу билан домлалар ҳаммаси оппоқ, талаба қора демоқчи эмасман, гуруч курмаксиз бўлмайди. 
    СамДУда, умуман университетларда илтимосга баҳо оладиган талабалар жуда кўп бўларди. Ўзим ҳам дарс ўтган пайтларимда ўзлаштира олмайдиган талабанинг орқасидан таниш билиш, ота-онасигача келар эди. Бу холис баҳолашга тўсқинлик қилади, албатта. Кейин талабалар психологиясида ярим йил "ялло" қилиб юриб, сессияда илтимос ёки бошқа йўллар билан баҳо олиш фикри туради.
    Ҳар қандай ОТМ да интилаётган, тинмай ўқиётган талабага ёрдам берилади. Менимча, баҳолаш мутлақо холис бўлиши керак. СамДУ да ташкил этилган баҳолаш маркази бир мунча холисликни таъминлайди.
    Умуман, баҳолашни рақамлаштириш тарафдориман. Ҳозирча ўтган дарси бўйича якуний баҳолашни ўқитувчи ихтиёрига бериб бўлмайди.
    Ҳар қандай соҳада жазо муқаррарлиги таъминланмас экан, ривожланиш бўлмайди. Ўқимаган имтиҳондан ўта олмаса, курсдан курсига қолса, бундан фожеа ясамаслик керак. Дунёда бир курсга 100 талаба қабул қилинса, шундан 35 таси битиради. Бу нормал ҳолат. 
    Шу маънода, СамДУ тажрибасида ўзлаштира олмаган талабага баҳо қўймаслик тўғри ёндашув деб ўйлайман. Қачондир шундай қилиниши керак.     Университет шундай оғир лекин самарали йўлни танладими, бундай норозиликлар бўлиши мумкин. Бола касал бўлса, унга конфет бермайсизку, шифокор укол қилади, бу болага ёқмайди, табиий, аммо уни касалдан тузатади.
    Халқимиз бу жараённи тўғри тушуниши керак. Ўқитувчилар орасида ҳам инсофсиз, муттаҳамлари йўқ эмас, улар нафси учун вазиятдан фойдаланиши мумкин, зеро қўлидан ҳеч бир иш келмади. 
    Катта илмий мактаблари, салоҳиятли олимлари буюк ўтмиши бор бундай университетнинг обрўси майда-чуйда гаплар билан тушиб қолмайди.

 

    Педагогика фанлари доктори Ғофир Ҳамроев фейсбук саҳифасидан олинди