Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг талаб ва таклифларига биноан университет профессор-ўқитувчилари умумий илмий салоҳияти 2017 йилдаги 47,6 фоиздан 62,3 фоизга, яъни 14,7 фоизга оширилди. 
    Диссертация ҳимоялари сони 2017 йилга нисбатан 15 тадан 100 тага, яъни 6,6 бараварга ошган бўлса, профессор-ўқитувчиларнинг илмий унвон олишлари 5 бараварга кўпайди. Докторантурага қабул квотаси 31 тадан 150 тагача ошди. Кейинги 5 йилда университетда 27 та ихтисослик бўйича 10 та Илмий кенгаш ташкил қилиниб, уларда 676 нафар юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрланди. Рустам Холмуродовнинг бевосита раҳбарлигида сўнгги 4 йил давомида мамлакат иқтисодиёти учун зарур 26 янги бакалавриат таълим йўналишлари ва 17 янги магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
    Университет таркибий тузилмаси тубдан такомиллаштирилиб, 3 институт, 2 филиал, 10 янги факультет, 21 янги кафедра ташкил қилинди. Муҳим соҳалар сифатида Муҳандислик физикаси ҳамда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтлари, Инсон ресурсларини бошқариш, Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетлари ташкил қилинди.
    Ургут ва Каттақўрғон шаҳарларида Самарқанд давлат университетининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. 
Университет ҳузурида аниқ ва табиий фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаб фаолияти йўлга қўйилди.
    Рустам Холмуродов таклиф ва ташаббуси билан Президентимизнинг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
    Қарорга мувофиқ университет таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ташкил қилиниб, агрономия, биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги, Муҳандислик физикаси институти ташкил қилиниб, муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларида кадрлар тайёрлаш йўлга қуйилди.
Университетнинг “Халқаро таълим дастурлари” марказида Хитой, Жанубий Корея, Исроил, Россия, Франция ва АҚШ нинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш ташкил қилинди. 
    Рустам Холмурадов раҳбарлигида кейинги беш йилда 50 дан ортиқ нуфузли хорижий таълим муассасаси билан шартномалар имзоланиб, фаол хорижий ҳамкор муассасалар сони 200 га яқинлашди. 
    Хорижий журналларда чоп қилинаётган илмий мақолалар 142 тадан 800 тага ошди. SCOPUS базасига киритилган илмий журналларда чоп қилинаётган мақолалар сони 22 тадан 174 тага етди. 
    Самарқанд давлат унверситети Рустам Холмуродов раҳбарлигида республика ОТМ лари миллий рейтингида бир неча йил давомида энг кучли бешталик рўйхатда турибди. 
    2020 йилда университет QS рейтинг агентлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтинги танловида қатнашиб, республикада 4 ОТМ лардан бири сифатида ушбу рейтингга кирди. 
2021 йилда университет THE Impact Rankings рейтингида 17 йўналиш бўйича иштирок этди ва жами 20 минг ОТМ да олиб борилган ўрганишлар натижасида университет ҳам 1001+ гуруҳига лойиқ кўрилди. 
    2022 йилда QS рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистоннинг 8 ОТМ лари, жумладан, Самарқанд давлат университети ҳам ТОП 1000 таликдаги Осиёнинг энг кучли университетлари рўйхатига киритилди.
    Рустам Холмуродовнинг раҳбарлигида университет моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида ўтган уч йилда бир қатор ишлар амалга оширилди: Кимё факультетининг 700 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, Бош бино ҳовлисида 1450 ўринга мўлжалланган маърузалар ўқув биноси ва жами бўлиб, 1122 ўринга мўлжалланган 3 талабалар турар жойи бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди. Муҳандислик физикаси институти, 9 қаватли ўқув биноси, Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети, Ядро-физикаси лабораторияси, университетнинг Ургут филиали биноларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, 2023 йилда Биология факультети ҳовлисида 400 ўринга мўлжалланган маърузалар зали, Оранжерея ҳамда 150 ўринга мўлжалланган ошхона биноси, 250 ўринга мўлжалланган Механика лабораторияси биноси, хорижий ўқитувчи ва талабалар учун 70 ўринга мўлжалланган хизмат уйи бинолари фойдаланишга топширилди.
Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари хисобидан 250 ўринга мўлжалланган Виварий, Молекуляр генетика лабораториялари қуриб, жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида 300 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
    Илмий лабораторияларни жиҳозлашда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 34 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тўлиқ янги жиҳозлар ва замонавий-асбоб ускуналар ўрнатилди, 5 янги илмий лаборатория ташкил қилинди.
    Кейинги уч йилда маъруза залларига овозли видеокузатув мосламалари ва электрон йўқлама жиҳозлари ўрнатилди ҳамда 1000 дан ортиқ замонавий компьютер ва бошқа оргтехникалар, 50 та “СМАРТ” аудитория жиҳозлари олинди. 
    Бу маълумотларни ўқиб, шуларнинг ўндан бирини қила олмаган, қила олмайдиган ижтимой тармоқларда ёлғон маълумотлар ва бўҳтонлар тарқатаётганлар билишларини, агар виждони бўлса, мушоҳада қилиб кўришларини истадим. 


    Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов фейсбук саҳифасидан олинди