Университетда рус тилида ўқийдиган гуруҳлар кўп. Мен ўзим ишлайдиган факультетимни яхши биламан. Ҳар йили рус гуруҳларига дарс ўтаман. Ўтган ўқув йилида кимё факультетининг 1 курс рус гуруҳида 16 та талаба ўқиди. Уларнинг учтаси мактабни рус тилида тугатган, қолган 13 таси ўзбек тилида ўқиган. Рус тилида дарс ўтсанг, умуман тушунишмайди. Минимал балл билан университетга қабул қилинган. Бу талабаларнинг 3 тасида 3-4 баҳолик билим бор. Бошқалари эса университет талабига жавоб бермайди. Шунга қарамасдан жами 8 тасига баҳо қўйдим. Қолган 8 тасининг баҳоси икки.     Уларни яна шунча вақт ўқитсам ҳам улар қониқарли баҳо ололмайди. Бошқа тажрибали ёши катта ўқитувчилар ҳам 1 ва 2 семестрларда уларнинг деярли ярмига баҳо қўйишмаган.
    Чет элларнинг ОТМ лари бошқа мамлакатларнинг абитуриентларини ўқишга қабул қилишда биринчи навбатда уларнинг инглиз тилини қай даражада билишини аниқлайди. Шунинг учун IELTS сертификати сўрайди, шу тилда интервью ўтказади. Ўзбек ва тожик тилида мактабларни тугатганларни рус гуруҳларига қабул қилишда рус тилини билиши бўйича шундай синов ўтказдингизми? Афсуски, буни ҳатто ўйлаб ҳам кўришгани йўқ. Қабулни СамДУ раҳбарияти профессор-ўқитувчилари ўтказгани йўқку.
    Бу йил кимё факультетининг кечки бўлимини 3 гуруҳ талаба тугатди. Уларнинг аксарияти чет элларнинг ОТМ ларига ўқишга киришган. Бир йилдан кейин вазирлик уларни Ўзбекистонга қайтариб СамДУ га юборган. Уларнинг 80% ни билими талабга жавоб бермасди. Шунинг учун менинг фанимдан уларнинг қарийб 80 % баҳо ололмаган. Энди савол туғилади? Буларни ўқишга ким қабул қилган? Улар саводи бўлмаганлиги учун ижобий баҳо ололмаса, СамДУ раҳбариятининг профессор-ўқитувчиларнинг қандай айби бор?
    Худди шундай яқинда магистратуранинг 1 курс талабалари менинг фанимдан ёзма имтиҳон топширишган. Имтиҳон натижаларини бошқа ОТМ нинг ўқитувчилари текширишган. Икки баҳо олган 5-6 талаба ишни апелляцияга беришган. Комиссия бизларни чақириб баҳо тўғри қўйилганми нотўғрими текшириб натижасини айтинг дейишди. Биз қўйган баҳо ҳам уларники билан деярли бир хил чиқди. Агар улар имтиҳон топшириб чиққандан кейин тўғри нотўғри ёзганлигини китобни, бошқа материалларни қараб текшириб кўрганда ҳам шикоят ёзишмасди.
    Асосан, саводсиз талабалар ёзувчиликни ва шантажни қурол қилиб оладилар. Хулоса қилиб айтганда билими саёз, адашиб кирган талабалар жуда кўп. 

    Самарқанд давлат университети доценти Абдулла Қувватов фейсбук саҳифасидан олинди