Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган Самарқанд давлат университети талабалари томонидан ўзлаштирилмаган фанлардан кредитлар бўйича ортиқча тўлов қилинаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан

    Хабар берилганидек, ушбу масалани ўрганиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг “Фуқаролар мурожаатини ўрганиш тўғрисида” 2023 йил 25 июлдаги буйруғи асосида тузилган вазирлик масъулларидан иборат ишчи гуруҳи талабалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашган ҳолда вазиятни ўрганди.

    Ўрганиш натижаларига кўра ҳамда талабалар ва уларнинг ота-оналари мурожаатларини инобатга олган ҳолда талабалар аризасига мувофиқ қуйидаги имкониятлар яратилади:

    Истисно тариқасида 2022/2023 ўқув йилида академик қарздор талабаларга бир марта қайта топширишга рухсат берилади. Бунда қайта имтиҳон топшириш истагини билдирган талабаларга 10 августдан бошлаб тегишли фанлардан имтиҳонлар ташкил этилади, графиклар алоҳида эълон қилинади.

    Бундан ташқари, қайта ўқиш истагида бўлган талабалар 25 августга қадар тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитларига мос равишда белгиланган миқдорда тўловни амалга оширганидан сўнг фанларни қайта ўқишлари мумкин.

    Шунингдек, талабаларга истисно тариқасида 2023 йил 15 сентябрга қадар академик қарздор бўлган фанидан мустақил билимини ошириб, сўнг тўловларсиз қайта имтиҳон топширишга рухсат берилади. 

    Қайта имтиҳонлар натижаси юзасидан аппеляция комиссиясига мурожаат этиш мумкин.

    Қайта тошириш имтиҳонларидан ўта олмаган талабалар белгиланган тартибда ГПА (Grade Point Average – таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати) кўрсаткичлари асосида курсдан-курсга қолдирилади. Бунда талабаларни курсдан-курсга ўтказишда ГПА кўрсаткичи 2022/2023 ўқув йили учун ва ундан кейин 2,4 балл этиб белгиланди.

    Қайта имтиҳонларни ташкил этиш, натижаларни эълон қилиш ҳамда апелляция жараёнларини ташкил этиш тегишлилиги бўйича институтлар деканатлари ва факултетлар деканлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Зарурат бўлганда, қайта имтиҳонлар тегишли факультет ва деканатлар томонидан етакчи олийгоҳлардан жалб этилган холис экспертлар ва  профессор-ўқитувчилар иштирокида амалга оширилади.

    Истисно тариқасида 2022/2023 ўқув йилида академик қарздор бўлган талабаларнинг қайта ўқиш учун тўлаган тўловлари аризага мувофиқ, кейинги ўқув йили контракт суммасига қўшилади ёки қайта топширишдан кейин ўзлаштира олмаган фан кредитларига мос равишда ҳисобланади. Давлат гранти асосида ўқийдиган ҳамда ўқишини бошқа олий таълим муассасасига кўчираётган талабанинг қарздор фанларига қайта ўқиш учун тўланган тўлови талабалар сафидан чиқарилганда ёки университетни тамомлаганда тегишли тартибда ҳисоб-китоб қилинади.

    Эслатиб ўтамиз, Самарқанд давлат университетида юзага келган ҳолат Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан шахсан назоратга олинган.

    Талабаларнинг эътироз ва шикоятлари вазирликнинг 1006 ишонч телефони орқали қабул қилинади.