Самарқанд давлат университетининг Археология музейи ҳақида нималарни биласиз?
Самарқанд давлат университетининг Археология музейи 1969-йилда ташкил топган. Уни барпо бўлишида университет профессори Давид Натанович Левнинг ҳиссаси катта.
Музей фондида Ўзбекистон тарихи бўйича илмий ҳамда бадиий қимматга эга бўлган 60 мингдан ортиқ стационар ва тадқиқот ишлари натижасида топилган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг ибтидоий маданиятини акс эттирувчи ноёб топилмалардан иборат археологик топилмалар сақланади.
Уларнинг аксарияти милоддан аввалги 80-40 мингйилликлар, антик давр ва ўрта асрларга тўғри келади. Коллекциялардаги бой нумизматик материаллар нафақат археологик қазилмалар жараёнида қўлга киритилган, балки талабалар томонидан топилганлари ҳам мавжуд.
Шунингдек, музейда Афросиёб шаҳар харобаси учун алоҳида жой ажратилган.
Турли манзилгоҳлардан топилган ҳар бир буюм алоҳида тарихга эга. Биргина энеолит даврида суякдан қилинган игнани олсак, игна жуда мукаммал тарзда суякдан ясалган. Ҳаттоки ип ўтказадиган жойлари ҳалигача сақланиб қолган. Маълумот учун, игнанинг ёши 4 минг йилдан ошган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.