“Замонавий ўзбек шеъриятида Омон Матжон ижодининг ўрни”…
Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Замонавий ўзбек шеъриятида Омон Матжон ижодининг ўрни” номли анжуман ўтказилди.
Конференцияда Сенатор Фармон Тошов, таниқли ижодкор, шоир Салим Ашур, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, шоира Хосият Бобомуродова, ёзувчилар уюшмаси вакиллари Тошпўлат Тугалов, Шоди Отамуродов ҳамда Омон Матжоннинг фарзандлари маърузалари билан иштирок этиб, ижодкор ва унинг фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Рустам Йўлдошев кириш сўз билан очди.
- Самарқанд давлат университетининг битирувчиси Омон Матжон билан доим фахрланганмиз, - дейди СамДУ филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. - Ижодкор талабалик йилларида адабиёт ихлосмандларини йиғиб «Шалола» тўгарагига асос солди. Машҳур ижодкорларни етиштириб берган ушбу тўгарак бугунги кунгача самарали фаолият кўрсатмоқда… Омон Матжон ўзининг бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида Она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг сермазмун асарлари халқчиллиги ва ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади…
- Омон Матжон шеърияти мавзулар кўламидан ҳам, образлар турфалигидан ҳам бошқа шоирлар ижодидан ажралиб туради, - дейди СамДУ доценти Дилшод Хурсанов. - Шоир шеъриятида ўзига хос ритм мавжуд. Унинг асарларида халқ оғзаки ижоди, мумтоз анъаналар, замонавий шеъриятдаги метафоралар қоришиқ ҳолатда учрайди. Бунда поэтик мушоҳада асосий мақсадга қаратилади. Барча ёрдамчи ғоялар бош ғоя атрофида бирлашади. Ҳар бир мисрада жилоланаётган фикрлар оқими якуний хулосада кутилмаган ечим ҳосил қилади. Фалсафий теран мушоҳада китобхонни лирик қаҳрамон билан бирлаштиради. Аста секинлик билан ўқувчи лирик қаҳрамон кўзи билан оламга қарай бошлайди. У каби фикрлайди, у каби заҳмат чекади, дарду-изтиробларни, қувончу-шодликларни бирга-бирга тортади...
Тадбир сўнгида СамДУ филология факультетининг «Шалола» тўгараги ижодкорлари ҳамда вилоят «Хор» ансанбли хонандалари ўзларининг шеър ва қўшиқлари билан иштирокчиларга кайфият улашди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.