Халқаро конференция: "Рақамли иқтисодиётда туризм соҳаси ривожланишининг ҳудудий хусусиятлари, шарт-шароитлари ва истиқболлари”...
Самарқанд давлат университети инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институтида “Рақамли иқтисодиётда туризм соҳаси ривожланишининг ҳудудий хусусиятлари, шарт-шароитлари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Анжуманда Ёнгнам университети (Жанубий Корея), Хосей университети (Япония), Томск давлат университети (Россия), Буюк Пётр номидаги Политехника университети (Россия), Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ҳамкорликда бўлиб ўтди.Мазкур халқаро илмий-амалий конференция республикамизда туризмни барқарор ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилмоқда. Конференцияда кўзланган мақсад рақамли иқтисодиёт шароитида туризм соҳаси ривожланишининг ҳудудий хусусиятлари, шарт-шароитлари ва истиқболларини тадқиқ этиш билан боғлиқ илмий муаммолар ечимига қаратилган.Конференцияда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Полша, Германия, Ҳиндистон, Россия ва Тожикистон каби 10 га яқин давлат университетларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда туризм соҳаси бўйича мутахассилар томонидан тақдимот қилинган мавзулар муҳокама қилинди. Конференцияда ҳудудий туризмнинг ривожланиш хусусиятлари, омиллари ва шарт-шароитлари, туризм соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, туризм ва рекреация соҳасида инновацион фаолиятни ривожлантириш истиқболлари, меҳмонхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш йўллари, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида туризм соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳудудий хусусиятлари ва истиқболли йўналишлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланишининг асосий йўналишлари каби масалалар муҳокама қилиниши белгиланган.Конференцияда муҳокама қилинган мавзулар бўйича қилинган хулоса ва таклифлар асосида келажакда соҳани ривожлантириш, жумладан туризм соҳасидаги аҳоли бандлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш, хусусан сунъий интелект ва электрон порталлардан фойдаланиш орқали уни самарадорлигин ошириш имкониятлари пайдо бўлади...
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.