Самарқанд давлат университетига Тамбов вилояти раҳбарияти ташриф буюрди…
Самарқанд давлат университетига Тамбов вилояти раҳбарининг ўринбосари Наталия Макаревич бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.
Самарқанд вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов делагация аъзоларига ҳамроҳлик қилди.
Мулоқотда дастлаб Самарқанд ва Тамбов вилоятлари ҳақида тақдимот қилинди. Таълим, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Томонлар энергетика, экология, халқ хўжалиги соҳаларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Делегация раҳбари томонлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун Самарқандда Тамбов савдо уйини очиш борасида таклиф билдирди. Тамбовда чиқиндилардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона мавжудлигини ва Ўзбекистондан хомашё сотиб олиш мумкинлигини ҳам илгари сурди.
Тамбов давлат университети ректори, профессор Павел Моисев СамДУ фаолиятига юқори баҳо бериб, квант технологиялар, ядро физикаси, агробиотехнологиялар соҳаси бўйича ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига тўхталди.
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Тамбов давлат университети олимлари билан соя ўсимлигини Самарқанд тажриба майдонларида етиштириш юзасидан фикрлашди.
Учрашув давомида меҳмонлар томонидан фотокўргазма ташкил этилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.