Ашваганда шифобахш ўсимлик бўлиб, қадимдан Ҳиндистон табобатида жуда қадрланган ва бир нечта касалликларни даволаш, олдини олишда          қўлланилган.

    Тиббиётда ўсимликнинг илдизи, барги, мева ва уруғларидан фойдаланилади. Айниқса ўсимликнинг илдизларидан ажратиб олинган моддалар кенг қўлланилади. Илдизларидан 35 га яқин биологик фаол бирикмалар ажратиб олинган. Ашваганданинг таркибидаги моддалар репродуктив ва асаб тизимига таъсир қилиб, организмни ёшартириш хусусиятига эга. Ҳаётий фаолиятни яхшилаш ва сурункали касалликлардан кейин тикланишларга ёрдам бериш учун ишлатилади. Мева ва уруғларининг диуретик хусусияти мавжуд. Унинг баргларидан тайёрланган дори сил касаллиги, безларининг яллиғланишини даволайди, илдизи эса тери касалликларини, саратонга қарши, бронхит ва ошқозон ярасини даволайди.

    Шунингдек, ўсимликдан қандли диабетни даволашда ҳам фойдаланилади. Калкутта университети олимлари томонидан ўсимлик препаратлари стрессга қарши кучли таъсир этиши аниқланди. Шу каби қатор шифобахшлик хусусиятлари туфайли бу ўсимлик “Ҳинд женьшени” деб ҳам аталади.

 

Моҳинур Нормуротова,

Самарқанд давлат университети

Биокимё институти магистранти.