Самарқанд давлат университетида “Истеъмол қилинадиган доривор ўсимликлар ресурслари ва биологик фаол бирикмалар” мазусида VIII халқаро симпозиум ўтказилди…
Нуфузли халқаро анжуманда Хитойнинг қатор йирик олий таълим муассасалари ва илмий марказлари, жумладан, Шинжон физика ва кимё техника, Пекин, Ҳонгконг фан ва технологиялар, Гуангдон технология, Шанхай Хитой халқ табобати, Хитой тиббиёт университетлари ва Кунминг ботаника институти олимлари иштирок этмоқда.
Мазкур симпозиум анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинмоқда.
Анжуман Хитой Фанлар академияси, Марказий Осиё дори воситаларини тадқиқ қилиш ва ривожлантириш маркази, Шенжен истеъмол қилинадиган ва доривор биоресурслар ва Шинжон ёввойи доривор ўимлик ресурсларидан фойдаланиш лабораториялари, Самарқанд давлат университети Биокимё институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Симпозиумни ўтказишдан асосий мақсад истеъмол қилинадиган доривор хусусиятли ўсимликларнинг фармацевтика соҳасида бутун дунёда эришилган ютуқлари бўйича тажриба алмашишдир.
Маросимни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, симпозиум ишига муваффақият тилади:
- Самарқанд давлат университети Хитой Халқ Республикасининг илм-фан, маданият ва таълимнинг қатор йўналишлари бўйича етакчи олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Симпозиумда қўшма лабораториялар ва фанлараро тадқиқот марказларини очиш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз. Ҳамкорликдаги фаолиятларимизни ривожлантириш мақсадида Самарқанд давлат университетида Хитой илмий-тадқиқот марказини ташкил қилдик. Хитой олимларининг фармсевтика соҳасида катта ютуқларга эришгани ҳамда Евросиё флорасидаги доривор ўсимликларнинг катта улуши Ўрта Осиё ҳудудларига тўғри келиши икки давлат олимларини ягона мақсад остида бирлаштиради. Бугунги симпозиум Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни «Бир макон-бир йўл» шиори доирасида янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Карл Тсин, Ҳонконг фан ва технология университети профессори, симпозиум асосчиси:
- “Истеъмол қилинадиган доривор ўсимликлар ресурслари ва биологик фаол бирикмалар” халқаро симпозиуми 2010 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда. Шу кунгача мазкур нуфузли анжуман Хитойнинг Урумчи, Нанжи, Шенжин, Ҳонконг, Пекин каби шаҳарларида бўлиб ўтган. Илк бор хорижий давлатда ўтказилмоқда. Самарқандда бўлиши ҳам бежиз эмас. Чунки Самарқанд давлат университети халқаро симпозиумларни ўтказишга тайёр. Яхши моддий техник базага ва замонавий лабораторияларига эга. СамДУ га ташриф буюрганимиздан сўнг бунга яна бир маротаба амин бўлдим.
Хуршид Бозоров, Самарқанд давлат университети профессори:
- Симпозиумнинг асосий мақсадларидан бири ер юзидаги истеъмолбоп ва доривор ўсимликларни манбалари, уларнинг таркибидаги компонентлар, биологик фаоллиги, қўлланилиши ҳақида маълумотлар алмашиш. Шунингдек, маҳаллий ва маҳаллий бўлмаган ўсимлик ресурсларини муҳокама қилишдан иборат. Симпозиум юқори савияда ўтмоқда. Иштирокчилар томонидан қимматли маълумотлар тақдим этилмоқда. Симпозиум доирасида илмий ишларни давом эттириш, хитойлик ва СамДУ тадқиқотчиларини стажировкага юбориш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари СамДУ битирувчиларини Хитойга ўқишга юборилиши ҳақида таклифлар кўриб чиқилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати