Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, профессор Аҳмаджон Солиев битирувчи курс талабаларига дипломлар топширди ва муваффақият тилади.

    - Мен СамДУ математика факультетини тамомладим, - дейди битирувчи Бобомурод Аҳмедов. – Самарқанд давлат университетида ўқиганимдан фахрланаман. Ўқиш давомида бир қатор ютуқларга эришдим. Улуғбек номли давлат ва математиклар учун мўлжалланган академик Саримсоқов номидаги стипендия соҳиби бўлдим. Математика фани бўйича халқаро олимпиадада кумуш ва бронза медалларини қўлга киритдим.  Чет тилини билиш бўйича халқаро IELTS 6.5 (B2) сертификатига эгаман.  20 га яқин мақолам халқаро ва республика илмий журналларида нашр этилди. Муддатидан олдин АҚШ нинг Кент давлат университети магистратурасига грант асосида тавсия этилдим.    Мазкур олий таълим муассасаси математика йўналиши бўйича Топ-133 ўринни эгаллаган. Ушбу ютуқларимга эришишимда СамДУ олимларининг ҳиссаси катта. Айниқса, илмий раҳбарим доцент Ғофуржон Ҳасановга миннатдорлик билдираман.

    - Самарқанд давлат университети мен ва оилам учун қадрли, - дейди юридик факультети битирувчиси Сайидмуҳаммад Ибодуллаев. - СамДУ да ўқишимиз, изланишимиз учун бир қатор имкониятлар яратиб берилди. Ўқиш мобайнида Президент ва Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлдим. “Йил талабаси” республика кўрик танловида фахрли иккинчи ўринни эгалладим. “Энг яхши сайлов жараёни билимдони” республика кўрик танлови ғолибиман. 30 мақолам халқаро журнал ва конференция тўпламларида нашр этилган. Чет тилини билиш даражаси бўйича халқаро IELTS 7.0 (С1) сертификатини қўлга киритдим. Менга таълим берган барча устозларимга раҳмат. Айниқса, илмий раҳбарим махсус ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, доцент Давлат Қурбоновдан миннатдорман.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.