Самарқанд давлат университети Полшанинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилади….
Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов Варшава ва Краков шаҳарларида ўтказилган “Полша ва Ўзбекистон академик давра суҳбати” халқаро форумида иштирок этди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари, Полша Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги мутасаддилари, “Perspektywy” жамғармаси, CRASP ректорлари конференсияси, Полша олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.
Акмал Ахатов мазкур халқаро форумда “Самарқанд давлат университетининг 2023-йилдаги ютуқлари” мавзусидаги маъруза ва тақдимоти билан қатнашди.
Форумнинг биринчи кунида Лублин технология ва WCG университетлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади. Унга кўра квант физикаси, телекомунникациянинг замонавий воситаларини яратиш, фотоника, ижтимоий-гуманитар каби соҳаларида ҳамкорлик қилиш белгиланган.
Шунингдек, Лублиндаги Мария Кюри-Склодовска университети билан география ва минералогия соҳаларида алоқалар ўрнатишга келишилди.
Форумнинг иккинчи куни Краков шаҳрида ўтказилди. Унда Геология ва металлургия академияси, Ягеллон, Молия ва иқтисод, Аграр хўжалик университетлари билан қатор келишувларга эришилди.
Геология ва металлургия академияси университети билан замонавий лаборатория ташкил этиш, СамДУ даги геология музейини янада яхшилаш бўйича ҳамкорлик қилинадиган бўлди.
Аграр хўжалик университети билан иқлим ўзгариши шароитларида ер ҳосилдорликларини ошириш бўйича Европа ва Бутунжаҳон тараққиёт банкларидан маблағ олиб ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.
Ягеллон университети билан Эрасмус дастури бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра йилига 5 нафар ўқитувчи ва талабалар алмашинуви Erasmus фонди орқали молиялаштирилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.