Самарқанд давлат университети дунёнинг 5 юлдузли университети мақомини қўлга киритди.
Бунга қандай эришилди?..
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2026 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатга киритиш вазифаси қўйилган бўлиб, шу мақсадда Трансформация офиси ташкил этилган. Офис ходимлари халқаро эътироф этилган ташкилотлар, хусусан, Quacquarelli Symonds (QS), Times Нigher Education каби рейтинг агетликлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ана шундай ҳамкорликлар натижасида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб QS Stars рейтингида 5 юлдузни қўлга киритди ва дунёдаги энг юқори баҳоланган университетлар қаторига қўшилди.
QS Stars тизими олий таълим муассасаларини глобал миқёсида баҳоловчи дунёнинг 3 та энг йирик рейтинг агентликларидан бири бўлган Буюк Британиянинг Quacquarelli Symonds (QS) халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2009 йилда университетларга ўзларининг кучли соҳаларини тарғиб қилиш, заиф томонларини аниқлаш ва яхшилашга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган.
QS Stars университетларни қуйидаги 13 категориядан камида 8 тоифадаги фаолиятига қараб бирдан бешгача юлдузлар рейтинги билан баҳолайди. Булар: таълим сифати, битирувчиларнинг ишга жойлаштириш, тадқиқот, халқаролаштириш, академик ривожланиш, қулайликлар, онлайн таълим, инновациялар, санъат ва маданият, инклюзивлик, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга таъсир ва танланган мутахассислик мезонлари.
QS Starsни таълим соҳасида ўзига хос аудит дейиш мумкин. Ҳалқаро рейтингларда бўлгани каби муассасаларни бир-бирига солиштириш ўрнига, университетлар талабалар ва ҳамкорлар учун муҳим бўлган соҳаларда қандай фалоият олиб бораётганликларига қараб баҳоланади. Бунда рейтинглардан кўра кенгроқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда баҳолангандан сўнг, университетларга умумий QS Stars юлдузи рейтинги ва ҳар бир тоифага алоҳида рейтинг берилади. Бу шуни англатадики, ҳар бир муассаса энг юқори QS Stars рейтингига эришиш потенциалига эга ва анъанавий кўрсаткичлардан ташқари ҳар бир олий таълим муассасасасининг кучли томонларини алоҳида таъкидлайди.
Рейтинг тизимининг асосий мақсади бўлажак талабаларга университет танлашда фойдаланиш учун қўшимча восита бериш, алоҳида муассасалар ҳақида чуқурроқ маълумот беришга қаратилган.
Баҳолаш учун маълумотлар асосан қуйидаги манбалардан олинади: иш берувчилар, талабалар ва битирувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалар, университет томонидан тақдим этилган маълумотлар (бунда тақдим этилаётган маълумотлар имкон даражасида очиқ манбалардан тасдиқлаш имкони бўлиши лозим), Scopus илмметрик базаси.
QS компанияси Самарқанд давлат университетида аудитни 2023 йил 1 ноябрда бошлади ва натижалар 2024 йил 13 майда эълон қилинди. 8 фаолият йўналиши ва 50 дан ортиқ кўрсаткичлар бўйича маълумотлар чуқур таҳлил қилинди. Унга кўра Самарқанд давлат университети Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб QS Stars рейтингида 5 юлдузни қўлга киритди ва дунёдаги энг юқори баҳоланган университетлар қаторига қўшилди. Университет иштирок этган кўрсаткичлар бўйича тўплаш мумкин бўлган максимал 1000 балдан 780 балл тўплади (5 юлдузли университет бўлиш учун тўплаш лозим бўлган минимал кўрсаткич 700 балл).
Агар университет кўрсаткичларини ҳар бир фаолият соҳалари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, деярли барча жабҳаларда университетимиз 5 юлдузли деб эътироф этилганлигини кўришимиз мумкин.
Таълим сифати категорияси бўйича мавжуд 4 та кўрсаткичнинг 3 таси, жумладан, талабаларнинг таълим сифатидан қониқиш даражаси, талабаларнинг университетда яратилган шароитлардан қониқиш даражаси, битирувчиларнинг таълимни кейинги боқичларида давом эттириш кўрсаткичлари бўйича максимал баллни қўлга киритган.
Иккинчи муҳим кўрсаткич битирувчиларнинг ишга жойлашиши бўлиб, уларнинг ишга тайёрлик даражаси - кўп маданиятли жамоада самарали ишлаш, тақдимотлар ўтказиш, одамлар ва лойиҳаларни бошқариш қобилиятига боғлиқ. Бу ерда университетнинг иш берувчилар орасидаги обрўси, битирувчиларнинг бандлик даражаси ва битирувчилар карьерасини қўллаб-қувватлаш хизматининг фаолияти кўриб чиқилади. Бу борада ҳам университетимиз 3 та кўрсаткичдан 2 тасида 100 фоизлик натижа кўрсатиб, 5 юлдузли мақомга эришган.
Кейинги йилларда СамДУ ҳақиқий маънода бунёдкорлик майдонига айланди дейишимиз мумкин. Университетда бир нечта янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари ташкил этилди. Биргина Биокимё институтида янгидан қад кўтарган маърузалар зали, оранжерия, виварий ҳамда молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар илмий лабораторияси ташкил этилганлиги, айрим лаборатория жиҳозлари нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда мавжуд эмаслигини таъкидлашимиз лозим. Бу эса QS рейтинг агетлиги томонидан ҳам эътироф этилди Университетда яратилган қулайликлар категорияси бўйича ҳам 5 юлдуз билан баҳоланди.
Танланган таълим йўналиши категориясида баҳолаш учун физика таълим йўналиши танланган эди. 2022 йил Самарқанд давлат университети физика факультети негизида Муҳандислик физикаси институти очилди. Институтда 6 кафедра бўлиб, илмий салоҳият 74 фоизни ташкил қилади. Мазкур кафедраларда 1 академик, 17 фан докторлари, профессорлар, 35 нафар фан номзодлари, доцентлар ҳамда 16 нафар катта ўқитувчи, ассистентлар ва шу билан биргаликда 10 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради. Улар томонидан 22 ўқув ва 5 илмий лабораториялар: материалшунослик; молекуляр спектроскопия; молекуляр люминессенсия; квант электроника ва ночизиқли оптика илмий лабораторияларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Физика йўналишида ўқишга кириш учун ҳар бир ўрин учун 15,8 нафар абитуриент ариза топширганлиги, талабаларнинг 94 фоизи ўз вақтида ўқишни тугатаётганлиги, талабаларнинг 94,1 фоизи таълим сифатидан мамнун эканлиги натижасида бу йўналишда ҳам 5 юлдуз қўлга киритилди.
Рейтингдаги яна бир муҳим кўрсаткичлардан бири бу ижтимоий масъулиятдир. СамДУ талабаларининг 79 фоизи самарқандлик эканлиги ҳудудий инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари СамДУ ташаббуси билан Нуробод ва Қўшрабод туманларида 17 гектар боғ барпо этилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, QS Stars рейтинг тизими университетларга хорижлик талабаларни муайян устувор фан йўналишлари бўйича жалб этишга ёрдам беради. Рейтингларга асосланиб, талабалар ўз орзуларини амалга ошириш учун тўғри қарор қабул қилишлари мумкин. Чунки университет рейтинги унинг турли миқдорий ва сифат кўринишларининг тўлиқ тасвирини тақдим этади. www.topuniversities.com порталига минглаб абитуриентлар ва ота-оналар ўз қарорлари ва келажакдаги режаларини порталда мавжуд маълумотлар асосида қайта муҳокама қилиш учун ташриф буюришади.
QS Stars 5 юлдузли рейтингга эга университетлар маълумотларини кўрсатиш орқали талабаларни ишга қабул қилишни қўллаб-қувватлайди. Университетдаги таълим сифатини QS каби халқаро миқёсда ишончли ташкилот томонидан тасдиқланиши ўз брендини яратишни ривожлантириш ва бозор эҳтиёжларига мос келадиган академик дастурларни таклиф қилиш имконини беради. Битирувчиларнинг сифатини яхшилашга ёрдам беради ва уларни ишга тайёр мутахассисларга айлантиради.
Халқаро таълим ташкилотлари, жаҳон олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланади, тезлашади ва янги босқичга кўтарилади.
Бекзод Файзиев,
Самарқанд давлат университети
Транформация офиси бош мутахассиси, доцент.