Самарқанд давлат университети ва Циан Жиаотонг университети ҳамкорлиги давом этмоқда…
Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикасининг Циан Жиаотонг университетининг Давлат сиёсати ва бошқаруви мактаби профессори Ли Жие бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов учрашди.
Мулоқотда Инсон ресурслари ва маҳалла тараққиётини бошқариш институти билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш борасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, институт олимлари ва тадқиқотчиларининг бу борада Хитой тажрибаси билан яқиндан танишиш масалалари муҳокама қилинди. Тадқиқот натижаларини биргаликда нуфузли илмий нашрларда чоп қилиш, икки олийгоҳ тадқиқотчиларининг ўзаро мобиллигини қўллаб-қувватлаш режалаштирилди.
Шунингдек, иқтисодиёт ва бошқарув соҳаларида бакалавр ҳамда магистратура таълими босқичларида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш масалалари келишилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.