Самарқанд давлат университетида халқаро академиклар форуми ўтказилди…
Самарқанд давлат университетида “Яшил энергиянинг барқарор ривожланишини жадаллаштириш, олий таълимнинг глобаллашувига кўмаклашиш” мавзусида халқаро академиклар форуми бўлиб ўтди.
Самарқандда илк бор ўтказилаётган нуфузли анжуман Самарқанд давлат университети ва Хитойнинг Циан Жиатонг университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро форумни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди.
Нуфузли форум бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Отабек Макҳкамов, Энергетика вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов, Рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Олимжон Умаровлар ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Форумнинг мақсади илмий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни қўллаш орқали иқлим ўзгариши, аҳолининг тез ўсиши ва қашшоқлик билан курашиш каби долзарб муаммоларга ечим топишдир.
Тадбир иштирокчилари, яшил энергиядан самарали фойдаланиш, таълим ва фан соҳасида кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифларини илгари сурди.
Мазкур форумда ўндан ортиқ, физик, математик, биолог олимлар ва нуфузли академиклар маърузалари билан иштирок этди. Хитойнинг Циан Жиаотонг университети президенти, академик Чжан Лиқун, Циан транспорт университети электроника ва ахборот муҳандислиги факультети декани, академик Гуан Хиаоҳун, Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси академиги, Халқаро космонавтика академиясининг академиги Асилбек Айдарлиев, Қирғизистон Миллий фанлар академиясининг хорижий аъзоси Канатбек Азиз, Қозоғистон Миллий университети Ал-Фароби номидаги томир патологияси институти директори, профессор Орабай Дарменов, ЎзРФА академиклари Қодир Ғуломов, Муҳсинжон Ашуров, Қаҳрамон Аллаев, Садриддин Туробжонов, Саидаҳмад Лақаевлар шулар жумласидандир.
Академиклар форуми Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг ривожида муҳим босқич бўлиб, тадқиқотлар ва инновацион ечимлар учун янги қадам бўлди.
Форумнинг марказида яшил энергия ривожи, экологик барқарорлик, глобал ва минтақавий муаммоларга қарши самарали ечимлар ишлаб чиқиш каби масалалар ўрин олган. Анжуманда академиклар назарий консептларни муҳокама қилиш билан бирга қурғоқчилик, иқлим ўзгариши ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий трансформацияси каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун амалий ечимларни муҳокама қилдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.