Ярим аср умрини илм-фанга бағишлаган олим…
Самарқанд давлат университети доценти, тарих фанлар номзоди, таниқли археолог Амриддин Бердимуродовнинг 70 йиллиги муносабати билан “Суғд ва чочнинг қадим ва ўрта асрлар даври маданияти ҳамда диний эътиқодлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Самарқанд археология институтида ўтказилган анжуманда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, Сенатор Фармон Тошев, академик Аҳмадали Асқаровлар иштирок этди.
Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, профессор Темур Ширинов, франциялик академик Франс Гренет, Япониянинг Тезукаяма университети профессори Такао Унолар олимнинг фаолияти, илмий ишлари ва анжуман ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:
- Амриддин Бердимуродвнинг ҳаётга ва инсонларга бўлган муносабати, илм-фан, таълим ва жамоатчилик соҳаларида эришган ютуқлари кўпчилик орзу қиладиган ибрат йўлидир. Домла ярим асрлик илмий фаолияти давомида мамлакатимизда археология соҳасини ривожлантириш, археологик ёдгорликлар мажмуини яратишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жонкуяр олим оддий ўқитувчиликдан институт директори даражасига қадар бўлган машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтган. У кишининг ташаббуси билан юртимизда биринчи марта “Ўзбекистон археологияси” илмий журналининг нашри йўлга қўйилди. 30 йилдан ортиқ вақт давомида Франция давлати “Темурийлар ассоциацияси” вице-президенти сифатидаги фаолияти, «Ватан ҳаққига муножот» асари таҳсинга сазовор. Яқинда СамДУ мауасслигида нашрдан чиққан «Самарқандим» журналидаги “Қаердан келганингни билишинг лозим” номли суҳбатингиз кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди. Сиздан бир қатор илмий ютуқлар, янгиликлар кутиб қоламиз. Етмиш ёшингиз муборак бўлсин…
Маълумот учун, Амриддин Бердимуродовнинг 300 га яқин илмий, оммабоп мақолалари, 10 га яқин монография ҳамда китоблар археология соҳасида ўқув ва илмий жараёнларда кенг фойдаланилмоқда. Олим «Дўстлик» ордени ҳамда Франциянинг “Академик пальма” орденлари билан тақдирланган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.