Оқ юрак (иккинчи қисм)

Ажинли амаки билан танишувимиз шундай бўлганди. Негадир уни эслаганимда хаёлимга биринчи булиб, пешонасидаги ажинлар келар, шунинг учун унга "ажинли амаки" деб ном қўйиб олгандим.Ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора тўгаракка кетаётганимда уни цех ҳовлисида кўриб қолардим. У узоқдан исмимни айтиб чақириб, шодон қўл силкиб қўярди. Мен ҳам унга миннатдорона қўл силкир, энди бу жой менга «хавфли ҳудуд» бўлиб туйилмас, сира қўрқмасдим. Бир куни машғулотдан эрта қайтаётгандим, сим девор ёнида хаёл суриб ўтирган ажинли амакига кўзим тушди. Негадир у билан бироз бўлса-да гаплашгим келди. Ёнига бориб салом бердим. Хаёлларга берилиб ўтирган экан, шекилли, чўчиб тушди. У сим деворнинг ичкари томонида, мен эса ташқарисида эдим.
— Қўрқитиб юбормадимми?
— Йўқ, шунчаки хаёл суриб қолибман. Дарсдан қайтяпсанми?
— Шундай деса ҳам бўлади. Дарсдан сўнг расм тўгарагига қатнайман.
— Биламан,- деди у кулиб.
— Қандай қилиб, ахир сизга бу ҳақда айтмагандимку?
— Сени кўп кузатаман. Эрталаб дўстларинг билан мактабга борасан. Тушдан кейин катта папкангни қўлтиқлаб, аллақаерга кетаверасан. Бунақанги папка фақат рассомларда, ёки меъморларда бўлади.
— Ҳа, тўғри топибсиз.
— Менга чизмаларингдан кўрсат.
Папкамни очиб, айримлари чала, айримлари битган ишларимни кўрсатдим. У завқ билан узоқ томоша қилди.
— Чиройли чизар экансан. Бу борада қобилиятинг бор экан.қойил,- деди у.
Чизмаларим орасидан кўм-кўк осмонда парвоз қилаётган иккита кабутар сурати унинг эътиборини тортди. «Кабутарлар» деди у аста шивирлаб.
— Ҳа, кабутар, -дедим фикрини маъқуллаб. Маъюс жилмайди. Ўғлининг қушларни яхши кўриши, уйида бир жуфт канарейкаси борлигини эслади.
Шу пайт дарвоза ёнига машина келиб тўхтади. Иккита аёл, бири кампир бўлса керак, мункайиб юрарди, бир одам тушиб келди. Учаласининг ҳам қўлида юклари бор эди.
— Улар ким? Танийсизми?
— Шеригимнинг оила аъзолари. Кўргани келишган, чоғи.
— Сизнинг ҳам оилангиз келиб туришадими?
— Ҳа, албатта.
— Ўғлингиз-чи?
—Ўглим...у келмайди, аниқроғи мен айтганман, келмасин деб.
—Нега? - дедим ҳайратимни яширмай.
— Шунчаки, мени бу аҳволда кўришини истамайман.
—Аҳволингизга нима қилибди?
— Болакай, сен буларни ҳали тушунмайсан.
— Сизга бир савол берсам майлими?
— Хўш?!
— Қандай қилиб бу ерга келиб қолгансиз?
Унинг кўзлари менга қадалган кўйи, жим қолди. Билмадим, шу лаҳзада у нимани ҳис қилди экан. Бу менга қоронғу эди,лекин унинг маъюс ифода юққан кўзларига қарашга бардошим кўп ҳам етмади. Нигоҳимни олиб қочдим. Шундай қўпол савол берганимдан афсусландим.
— Агар бунга жавоб бериш оғир бўлса, жавоб беришингиз шарт эмас.
— Йўқ,-деди у,- жавоб бериш оғир эмас. Вақти келиб саволингга жавоб бераман.
Суҳбатимиз қовушмади. Совуқ хайрлашдик. Эртага сут олиб келишимни тайинлади.
Ойимга ажинли амаки билан дўстлашиб олганимни айтмагандим. Буни билса, у билан учрашишимни таъқиқлаб қўйишидан қўрқардим. Ойим табиатан бироз ваҳимакашроқ эди. Шунинг учун, эртага ажинли амакига қандай қилиб сут олиб боришимни ўйлардим. Агар тўғрисини айтсам,ойим у билан қандай танишганимни сўраши табиий эди. Кейин эса турган гапки, мени койир, хавфли одамга яқин юрмасликни тайинлар, ва у билан учрашишимни таъқиқлаб қўярди. Ўйлай-ўйлай чорасини топдим.« Сабоҳат аяга деб берган сутни амакига олиб бораман.» Худди шундай ҳам қилдим. Сабо хола бир кун олиб бормаганимга ҳеч нарса демайди, эртаси куни ўзим бирор баҳона ўйлаб топарман. Амаки сутни олиб қолиб, бўш банкани қайтараркан, қўлимга пул тутқазди. —Бу сут учун. Ойингга бериб қўярсан.
— Пулни ололмайман,- дедим.
— Нега?
Нима дейишни билмасдим. Лекин ундан пул олишни ҳам истамасдим. Ноилож миямга келган биринчи гапни айтдим.
— Ойим пул олма, деган. Уларнинг айтганини қилмасам хафа бўладилар.
Амаки жилмайди
— Унда ойингга менинг номимдан раҳмат айтиб қўй.
— Хўп.
— Айтганча, эртага ҳам сут олиб кела оласанми?
— Майли, лекин илгари ҳечам сут олмасдингиз.
— Ўпкамни совуққа олдириб қўйганман. Совуқ тушиши билан йўтал тутади. Сут йўталга фойда дейишадику.
— Менинг ойим ҳам, томоғим оғриб, йўтала бошласам, кўп-кўп сут ичиради.
— Ойинг тўғри қилади.
Бўш банкани қучоқлаб, уйга қайтдим. Аввал ойимга, кейин амакига ёлғон гапирганим учун ўзимни ёмон кўриб кетдим.Бироқ, бошқа чорам йўқ эди. Бир ҳафта давомида ойимнинг Сабоҳат хола учун берган сутларини ажинли амакига олиб бориб бердим.
Кунлар ўтди. Бу орада ажинли амаки билан яқинлигимни ўртоқларим билиб қолишибди. Маҳмуд, менга ҳар хил пичинглар қила бошлади. Улар билан бирга юрсам, «сен биз билан юрма. Кўчада танишиб олган дўстинг борку» дер, гўёки мен ашаддий жиноятчи билан шерик бўлгандек, мендан нари юришарди. Улардан кўнглим қолди. Ахир дўстлашиш айб эмаску, нега ҳамма ажинли амаки ва унга ўхшаганларни жиноятчи деб ҳазар қилишади. Ичимни тўлдирган саволларга жавоб тополмай ҳалак эдим. Ажинли амакининг нима жиноят қилганини билмайман. Лекин аниқ айтишим мумкинки, у бундан қаттиқ афсусда. Ортиқ қонунга қарши иш қилмаслигини кўп бор айтади...
Бир куни доимгидек дарсдан қайтаётсам, сим девор ортидаги ўриндиқда ўтирган амакига кўзим тушди. Гаплашмаганимизга бир ҳафтадан ошганди. Ёнига бордим. У аллақандай қоғозга тикилиб ўтирар, кўзларида ёш қотиб қолган эди. Қадам товушларини эшитиб бошини кўтарди. Доимгидек, сим тўсиқнинг у бетида у, нариги бетида мен эдим (негадир, у мени ичкарига ҳечам таклиф қилмасди).
— Ўғлимдан хат олдим, -деди у қўлидаги қоғозни кўрсатиб,- яхши баҳоларга ўқиётганлигини ёзибди. Сиз келгунча, шахмат ўйнашни ўрганиб оламан, дебди.
— Сиз-чи, сиз биласизми?
— Ҳа, у бўйича ютуқларим кўп, сен ҳам биласанми?
— Ҳа, лекин кучли эмасман.
Амаки жилмайди:
—Ҳали кучли бўлиб кетасан. Ўғлим ҳам шу пайтгача билмасди. Тўгаракка қатнаяпти экан. Қизиқ, нега унга уйдалигимда шахматни ўзим ўргатмадим экана?!
У қўйнини ковлаб, четлари едирилиб кетган, анчайин уринган бир расм олди.
— Мана шу менинг ўғлим Жавлон.
У девор симлари орасидан расмни менга узатди. Суратда 5-6 ёшлар чамасидаги қош-кўзи қоп-қора жингалаксоч бола жилмайиб турарди.
— Сизга ўхшамас экан.
— Ҳа,- маъқуллади у,- ойисига ўхшайди.
Кўчанинг нариги бетида ўртоқларим кўринди. Мени кўриб шивир-шивир қилишга тушишди. Маҳмуд қўлларини бигиз қилиб мени кўрсатиб, бир нималар деди. Уларга тикилиб қолганимни амаки ҳам сезибди.
— Ўртоқларингми?
—Ҳа.
— Унда борақол, улар билан.
—Йўқ,-дедим бош чайқаб.
—Нимага?
— Уларни ёмон кўраман!- ичимдаги бор нафратимни шу сўзларда ифодаладим.
— Нега ёмон кўрасан? Уришиб қолдингларми?
Бор гапни айтиб бердим. Амаки кулди.
— Уларда айб йўқ. Сен улардан хафа бўлма. Улар шундай ўйлашгани билан, сен-у мен ёмон бўлиб қолмаймиз. Сен уларга тушунтир. Бир марта йўлдан адашди дегани умрбод шу йўлда қолиб кетди дегани эмас. Тўғри, бу ерга ҳар кимни ҳам олиб келишмайди, бир хатоси борки, шундай бўлган. Аммо, ҳеч ким оиласидан узоқда, бундай қийинчиликда қолай демайди. Бу ерда кўрганларим, ҳис қилганларимни сенга айтолмайман, ҳаммасидан ҳам алам қилгани йўлимга интизор кўз тиккан рафиқам ва ўғлимнинг кўзларига қараганимда ҳис қилган оғриқларим бўлади. Сен буларни тушунмайсан, илоҳим, ҳеч қачон бошингга тушмасин. Жавлон, ўғлим, сен яхши ўқи, буюк рассом бўл, расмларингда кенг уфқларни, бепоён далаларни, гўзал масканларни тасвирла. Одамлар сен чизган расмларни кўриб, шундай ҳаётда яшаётганларига шукур қилсинлар, озодликнинг қадрига етсинлар ва...ва...- у ичкарида ишлаётган шерикларига қаради - йўлдан оёғи тойганлар тўғри йўлни топсинлар!
Амакини чақиришди, у шоша-пиша хайрлашиб, ичкарига кириб кетди. Қўлимда суратни чангаллаганимча туриб қолдим. Жавлоннинг сурати менда қолиб кетди. Кейинги сафар кўришганимизда бераман деб, папкамга солиб қўйдим.
Уйга келиб, негадир Жавлон ҳақида ўйлай бошладим. 8 ёшли боланинг столга энгашган кўйи қоғоз қоралаб дадасига хат ёзаётгани кўз олдимга келди. Қўлимга қалам олиб расмдаги чеҳрасини қоғозга тушира бошладим. Ишга жуда берилиб кетибман. Қоронғу тушганда Жавлоннинг портретини тугатдим. Негадир уни расмдагидан кўра хурсанд қиёфада чиздим.Шунда бирдан ёнига ажинли амакини ҳам чизсам-чи, деган фикр келиб қолди. Яхши фикр эди-ю, лекин менда амакининг расми бўлмаганлиги учун, хаёлан чизишга тўғри келарди. Бу жуда мураккаб эди. Аммо, мен астойдил ҳаракат қила бошладим. Учинчи куни расмдан кўнглим тўлди. Қувончдан кўзлари порлаган Жавлон ва унинг ёнида жилмайиб турган ажинли амаки тасвирланганди суратда. Амакининг пешонасидаги ажинларини чизмадим, негадир чизгим келмади.
Эртаси куни мактабдан қайтган заҳотим суратни олиб бормоқчи эдим. Мактабдан хурсанд кайфиятда келаётсам, дарвозамиз ёнида ойим ва Сабоҳат хола гаплашиб туришган экан. Салом бериб, ўтиб кетдим. Негадир ойим совуққина алик олди. Дадам ҳам уйда экан. Кийимларимни алмаштириб бўлган эдим ҳамки, эшикдан ойим кирди. Ойимнинг юз ифодасини кўриб, қўрқиб кетдим.« Сабоҳат хола бир ҳафтадан бери сут олиб бормаётганимни ойимга айтган » хаёлимга ярқ этиб, шу фикр келди.
— Сен бола, нималар қилиб юрибсан ўзи?!
Дадам бир менга, бир ойимга қаради.
— Тинчликми, онаси?
—Тинчликмас. Бу бола нималарни бошлаб юрибди билмадим. Бир ҳафтадан бери Сабо аяга деб бериб юборган сутни аллақандай маҳбусга олиб бориб юрармиш. Ўртоқлари ҳам тасдиқлашди. Бир ойдан буён, нуқул мебель цех атрофида ўралашиб юрармиш. Цех ҳовлисида иккаласи соатлаб гаплашиб турармиш. Вой, тавба. Бир маҳбусда сенинг нима ишинг бўлиши мумкин? Унда ниманг қолиб кетганки, ҳар куни кўришасан!
Нима дейишга ҳайрон эдим. Ойим тинмай жаврар, дадам қовоғини уйган кўйи менга тикилиб турарди.
— Жиноятчи ўз номи билан жиноятчи. Улар яхши одам бўлишмайди. Улардан нарироқ юриш керак. Ким билсин, у қандай модда билан қамалганикин. Сени ўғирлаб кетса ёки гиёҳванд қилиб қўйса нима қилардик?!
Йўқ, ортиқ бу гапларга бардошим етмасди. Ичимда бир овоз ҳайқирар, ташқарида ҳеч нарса деёлмасдим. Нега жим бўлишим керак, дедим ўзимга-ўзим. Бир айбим бормидики жим турсам, ахир ажинли амаки яхши одам. У мени ҳеч қачон ёмон ишга даъват қилмаган.
— Ҳаммаси сиз ўйлагандек, эмас, ойи!- овозим хона бўйлаб акс-садо берди. Ойим бир муддат койишдан тўхтаб, жим бўлиб қолди,- нега сиз уларни ёмон деб ўйлайсиз, бир марта адашди дегани, бутун умр шу йўлда қолиб кетади, дегани эмаску. Улар жудаям яхши одамлар. Амаки ҳам қилган ишидан қаттиқ пушаймонда. У энди ўз йўлидан ҳеч қачон адашмайди. У мени ҳеч қачон ёмон ишга даъват қилмаган.Нега уларни ёмон дейсиз, ахир улар ҳам инсон. Улар ҳам ўз ҳаётига қайтиши керак, бир умр шу тамғада қолиб кетмайдику!
Кўзларимга ёш тўлди. Бироқ йиғламадим. Қўлимдаги суратни маҳкам қучиб, уйдан чиқиб кетдим. Тўғри мебель цехига бордим. Қоровулдан ажинли амакини чақириб беришини сўрадим.« Унга афв беришди. Бугун эрталаб уйига кетди»
Вужудимни аллақандай изтироб қоплаб олгандек бўлди. Қўлимдаги суратни маҳкам сиққанимча, ажин қоплаган юзи кўз олдимга келди. Нега менга айтмасдан кетди, ...турфа ўйлар бошимда ғужғон урар, кўз олдимда дадасининг бағрида эркаланаётган 8 ёшли Жавлон, ва уни дағал бармоқлари билан маҳкам қучган «ажинли амаки» келди...Ана шундагина бу хабарни севинч билан қаршилаш кераклигини англадим.
Ирода Бекмурадова,
Самарқанд давлат университети
филология факультети талабаси