Самарқанд давлат университети биология факультети магистранти Дилнавоз Абдураҳмонова “Қуёнлар ратсионига дековит витамин комплексини таъсир эттиришнинг физиологик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларига таъсирини ўрганиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Шу кунга қадар тадқиқот мавзуси бўйича 5 дан ортиқ мақолалар чоп эттирган. Илмий раҳбари одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси доценти Баҳриддин Бозоров.

    – Ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида қуёнчиликни кенг ривожлантириш учун жамоа ва давлат хўжаликлари бир қатор имкониятларга эга, - дейди тадқиқотчи Дилнавоз Абдураҳмонова. - Бу вазифаларни амалга оширишда қуёнчилик бўйича олиб борилаётган тадқиқотларнинг аҳамияти каттадир. Олиб борган кузатишларимиз шундай хулосага олиб келдики, ҳозирги вақтда ташкил этилган қуёнчиликни ривожлантириш хўжаликлари замон талабида эмас. Шунингдек, қуёнларни тез етилтириш учун кузатиш ва тажриба ишлари амалга оширилишини кенг йўлга қўйиш долзарб масала ҳисобланади. Тадқиқотимнинг мақсади қуёнлар ратсионига дековит витамин комплексини киритиш орқали физиологик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларнинг ўзгаришини  ўрганишдан ва таҳлил қилишдан иборат. Тадқиқот обекти  сифатида қуённинг шеншелла туридан фойдаландим. Бунда қуён организмига дековит витамин комплексининг таъсири туфайли юз берадиган  гемотологик ва биокимёвий ўзгаришлар, бу ўзгаришларнинг қуёнларнинг яшовчанлиги ва маҳсулдорлигига таъсирига оид масалаларни ўрганмоқдаман.

    Қуён товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, ер юзининг барча минтақасида тарқалган. Ҳозиргача фанга унинг 50 дан ортиқ тури маълум. Қуёнлар одатда гўшти ва териси учун боқилади. Қуён гўшти парҳезбоп маҳсулот бўлиб, ортиқча вазндан азият чекувчи беморлар учун фойдали. Гўштнинг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги ҳисобга олиниб, тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади. Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия етилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусияти жиҳатидан қўй жунидан 10 баробар устун туради. Қуёнлар тез кўпаяди, соғлом урғочи қуёнлар йилига 300 кг дан ортиқ гўшт беради. Бундан ташқари қуён бошқа уй ҳайвонларига нисбатан сермаҳсулдир. Битта қуён берадиган ўртача гўштнинг ҳар ярим килограммига 2 кг озуқа тўғри келади. Бу кўрсаткич молларда 3,5 килограммни ташкил этади. Тадқиқот йўналишига кўра қуён етиштиришда дековит витаминлар комплексидан фойдаланиш орқали қуённинг гўшт беришга тайёр бўлиш даврини қисқартириш ҳамда тез муддат ичида етилтириш мумкин. Витамин комплекс қуёнлар иммунитети, касалликларга чидамлилик хусусиятини шакллантирган ҳолда, уларнинг вазнини самарали оширади. Нормал шароитда бир дона қуённинг етилиб, гўшт беришга тайёр бўлиш даври 60-90 кунни ташкил этади. Витамин комплекс билан парваришланган қуёнлар ўртача 30 кунда гўшт бериш учун тайёр бўлади. Дековит витаминларнинг қуён етиштиришдаги аҳамияти шунинг учун ҳам муҳимдир.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.