Scopus – бу илмий маълумотлар базаси бўлиб, у дунё бўйлаб турли фанлар бўйича нашрларни қамраб олган йирик электрон платформа ҳисобланади. Мазкур база илмий журналлар, китоблар ва конференция материалларида берилган ҳаволалар ҳақидаги қисқача тавсиф ва маълумотларни ўз ичига олган платформадир. Scopusнинг афзаллиги фанларнинг турли соҳалари ҳақида кенг қамровли маълумотлар бериб, тадқиқотларни кузатиш, таҳлил қилиш ва визуаллаштириш учун интеллектуал воситаларни таклиф этади. Scopus тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у Elsevier Голландияда (Elsevier академик нашриёт) жойлашган илмий, техник ва тиббий контентга ихтисослашган академик нашриёт компанияси томонидан 2004 йилда ишга туширилган. 2020 йилга қадар Scopus 26 мингдан ортиқ нашрлар, 9,8 миллиондан ортиқ конференция ҳисоботлари ва 43 миллион патентлардан 78 миллионга яқин нашрларни индекслади.

    Сўнгги йилларда кўплаб олимлар ва тадқиқотчилар ўз йўналишларига мос келадиган хамкорларни топиш, соҳага тегишли охирги илмий изланишлардан баҳраманд бўлиш, ҳамкорликда ишлашга интила бошлади. Бундай шароитда чинакам илмий, инновацион ва долзарб маълумотларни ажратиб олиш заруратга айланиб, билимнинг турли соҳаларига оид энг сифатли илмий журналлар, китоблар ва бошқа шакллардаги илмий нашрларнинг маълумотлар базаларини яратиш зарурати пайдо бўлди. Уларни ҳаммасини бирлаштирадиган йирик илмий маълумотларни ўз ичига олган базалар яратила бошланди. Ҳозирга қадар улардан энг каттаси бу Scopus бўлди ва ўз географиясини жуда ҳам кенгайтира олди. 

    Scopus базасининг олимлар ва тадқиқотчилар учун қуйидаги қулайликлари бор:

    Биринчидан, илмий соҳа ва кўриб чиқилаётган адабиётларни излаш ва таҳлил қилиш.

    Иккинчидан, барча мумкин бўлган қидирув манбаларига тегишли нашрларнинг барча турларини осон топиш имконияти.

    Учинчидан, алоҳида муаллиф, ташкилот фаолиятини таҳлил қилиш имкониятларининг кенглиги. Яъни бунда журналларни бир нечта кўрсаткичлар бўйича қидириш, таҳлил қилиш ва таққослаш мумкин.

    Тўртинчидан, исталган муаллифлар ҳақида тўлиқ маълумотларни олиш (муаллифнинг исми, иш жойи, нашрлар мавзуси, таклифлар ва бошқалар) ва унинг энг сўнгги илмий янгиликларидан баҳараманд бўлиш.

    Бешинчидан, ўз асарларини жаҳон миқёсида ўзгалар билан тез улашиш имкониятининг мавжудлиги билан белгиланади.

    Сўнгги йилларда мазкур платформа ўз имкониятлари ва нуфузини шу қадар кенгайтириб бордики, ҳаттоки университетларни баъзи ҳалқаро рейтингларига киришини белгилашда мазкур базага кирган журналларда нашр этилган мақолаларнинг сонига эътибор қаратила бошланди.

    Scopus базасига киритилган журналларнинг илмий даражаси юқори ва унда нашр этиладиган мақолаларга қййилган талаблар мураккаблиги ҳамда қабул қилинган мақолалар индексланиши маълум вақт талаб қилади. Ҳар соҳада енгил йўлларни топишга харакат бўлгани сингари бу соҳада ҳам мақолаларни чоп этиб бериш хизматларини таклиф қиладиган уддабурон компаниялар пайдо бўлди. Афсуски, юртимизда ҳам кўпчилик олим ва тадқиқотчилар бундай кўзбўямачилик билан шуғулланадиган уддабуронларга алдангани ва мўмайгина пул сарф қилгани ачинарли ҳолдир. Шуни ёдда тутмоқ керакки, базага киритилган журналлар фаолияти ҳар чоракда ёки олти ойда янгиланади ва илмий мақолалар эса бепул нашр этилади.

    Олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилардан мазкур базада ўз асарлари билан фаол иштирок этиши талаб қилинади. Кўпчилик изланувчилар мазкур журналларда ўз ишларини чоп этишга қийналишади. Фикримизча,  мазкур платформадан унумли фойдаланишга қаратилган давра суҳбатлари, ўқув-семинарлари, мастер класлар ва бошқа шу каби тадбирларни факултетлар ва университет миқёсида ўтказилиши орқали муҳим маълумотларни  етказиш мақсадга мувофиқдир.

 

Лутфулло Ибрагимов,

Шароф Рашидов номидаги

Самарқанд давлат университети доценти.