“Масъулият ҳисси қаёққа кетди?”

Хюстон шоссесидаги эълонлар тахтасида ушбу савол пайдо бўлди:
“Масъулият ҳисси қаёққа кетди?”
Эълонни у ерга ким илганини билмайман, аммо у кўзимга чўғдай кўринди. У бежиз айни ҳақиқатдек кўринмаганди. Масъулият ҳисси қаёққа кетди? Нега бугун одамлар ўз муаммолари, ҳислари ва қилмишлари учун бошқа кимнидир ёки ниманидир айблашдан нарига ўтолмаётгандек туюляпти?
Мана, бунга айрим мисоллар:
Газ қуйиш шаҳобчасидаги дўкондан қаҳва излаётгандим, лекин графин бўш экан. Шундан сўнг пештахта ортидаги кишига “Маъзур тутасиз, идишда қаҳва йўқ экан”. – дея мурожаат қилдим. У ўзидан нари борса, 4,5 метр узоқликдаги ҳамкасбини кўрсатиб: “Қаҳва унга тегишли бўлимда!” – деди. Бўлим? Шу йўл чеккасидаги катталиги битта хонамча келадиган газ қуйиш шахобчасида-я?
Яна бир мисол: мамлакат бўйлаб парвоз вақтида стюардесса ўтирганларга “Барчангиздан узр сўраймиз, сизга ваъда қилинган фильм бугун қўйилмайди. Кейтеринг бордга янглишиб бошқасини олиб чиқибди”, – дея эълон қилди.
Навбатдаги ҳолат: пицца етказиб бериш хизмати, афтидан, бизнинг буюртмамизни йўқотиб қўйганди. Бу вақтда оилам қорни оч ҳолда машинада ўтирар, мен эса пиццамизни кутиб, у ёқдан-бу ёққа бориб-келардим. Шу пайт пештахта ортидаги йигит дабдурустдан: “Мени айбламанг, навбатим эндигина бошланди!” – деб қолди.
“Бу менинг айбим эмас”, “Бу менинг вазифамга кирмайди” ёки “Менинг муаммоим эмас...”га ўхшаш гапларни тез-тез эшитамиз. Эълонлар тахтасидаги ёзув кўзимга чўғдай кўринганининг қисман сабаби – ўша фикрга тўла қўшилганимда. Бироқ мени кимдир шахсий жавобгарликка етарлича жиддий қараб, бу ёзувни биринчи навбатда шу тахтага жойлаш учун масъулият ҳиссини туя олгани лол қолдирганди.
Мен ҳам буни чуқур ҳис қилганим сабабли ушбу китобни ёздим.
Хўш, бу китоб ким учун ўзи? Мазкур асар:
“Анави бўлим қачон ўз ишини тўғри бажаради?”
“Нега улар яхшироқ мулоқот қила олмайди?”
“Ким қовун туширди?”
“Нега биз бу ўзгаришларни бошдан кечиришимиз керак?”
“Қачон менга биров ўргатади?”
“Нега биз яхшироқ одамларни топа олмаяпмиз?”
“Ким бизга аниқ тушунча беради?”га ўхшаш саволларни эшитган ё сўраган ҳар қандай киши учундир.
Бу саволлар етарлича безарар кўрингани билан, масъулият ҳисси етишмаслигини билдиради (мен “шахсий жавобгарлик” атамасини маъқул кўраман) ва у биз бугун дуч келаётган кўплаб муаммоларнинг илдизи саналади.
Аксинча, фикрлаш тарзимизни ўзгартириб, жавобгарлик ҳисси кучлироқ бўлган саволларни бериш ташкилотларимиз ва ҳаёт тарзимизни яхшилаш йўлидаги энг таъсирли ва самарадор чоралардан биридир.
Жон Г. Миллернинг “Савол ортидаги савол” китобидан.
Маълумот учун мазкур китоб “Asaxiy books” лойиҳаси доирасида таржима қилинган.