Ренессанснинг учинчи тўлқини

Уйғониш даври (Ренессанс) Марказий Осиё, Эрон, Хитой, Ғарбий Европада юз берган алоҳида маданий ва тафаккурий тараққиёт даври. “Ренессанс” атамаси дастлаб Италиядаги маданий-маънавий юксалишга нисбатан қўлланилган, уни ўрта асрлар турғунлигидан янги даврга ўтиш босқичи деб баҳолаганлар. Осиё марказида жойлашган Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эронда Италияга қараганда бир неча аср олдин улкан маданий кўтарилиш юз берган, илм-фан, фалсафа, адабиёт кучли ривожланиб, илғор инсонпарварлик ғоялари жамият фикрини банд этган, ақлий ва ижодий фаоллик гуркираган. Бу давр дунё илмида “Мусулмон Ренессанси” ёки “Шарқ Уйғониши” номи билан аталиб келинмоқда.
Янги Ўзбекистон ва ренессанснинг учинчи тўлқини. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, халқаро тажрибада жаҳон сиёсий атамашунослигини янги тушунчалар билан бойитадиган давлат ва жамоат арбоблари кам топилишини таъкидлаш лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” тушунчасини дунё сиёсати луғатига киритгани беқиёс илмий аҳамиятга эга. Янги Ўзбекистон - бу ибора давлатимиз раҳбари илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир. Бу ғоя замирида бир томондан, бугунги ва эртанги авлодларимизнинг “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қўйишдек эзгу мақсад-муддаолари; иккинчи томондан, миллий тарихимизда биринчи ва иккинчи уйғониш даврларига асос солган улуғ аждодларимиз, аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари; учинчи томондан, бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишга даъват ўз мужассамини топган.
Президентимиз қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш бу шунчаки хоҳиш-истак, субектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган обектив заруратдир”.
Бугунги кунда биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги беш йилда ҳаётимизнинг биргина йўналиши, яъни маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак ҳам, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Янги Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.
Ситора Раҳмонбердиева
Самарқанд давлат университети
Юридик факультети магистри.