Полимер нима, унинг саноатда қандай аҳамияти бор?

Халқ хўжалигининг турли соҳаларини ҳозирги кунда полимерларсиз тасаввур қилиш қийин. Саноатнинг энг йирик тармоқлари пластик массалар, турли хил кимёвий сунъий толалар, резиналар, каучиклар, лак-бўёқлар, турли хил турдаги елимлар, диелектрик моддалар ва бошқа турдаги полимер асосидаги буюмлар дунё миқёсида кенг кўламда ишлаб чиқарилмоқда. Буларнинг барчасини бир сўз билан полимер материаллар ёки полимерлар деб аталади. Уларнинг оддий моддалардан фарқи шундаки, улар синтетик равишда катта заводларда минглаб тонналаб ишлаб чиқарилмоқда ва амалда фойдаланилмоқда.
Самарқанд давлат университети физика факультети магистри Нафосат Омонова “Полимерли эритмаларнинг реологик хоссаларини ўрганиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
-Полимерларнинг олинишига қараб табиий, сунъий ва синтетик каби турларга бўлинади, - дейди тадқиқотчи Нафосат Омонова. - Табиий полимерларга мисол қилиб турли хил селлюлозалар, крахмаллар, лигнин, пектин, турли хил оқсиллар, гармонлар, ферментларни келтириш мумкин. Сунъий полимерларга табиатда учрайдиган табиий полимерларни қайта ишлаш орқали олинадиган полимер материаллар-селлюлозанинг турли хил эфирлари, чарим ва мўйна саноатининг кўпгина хом-ашёларини қайта ишлаш орқали олинадиган махсулотлар (коллаген, желатин) ҳосил қилинадиган полимерларга айтилади. Ҳозирги кунда ҳаётни синтетик полимерларсиз тасаввур этиш анча мушкул. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикасида синтетик полимерларни ишлаб чиқариш саноат даражасида катта аҳамият касб этмоқда. Шўртан кимёвий комплексининг ҳам ишга туширилиши уларга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу сабабли ҳам уларнинг хоссаларини ўрганишга ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият берилмоқда. Илмий тадқиқотимда полимерли эритмалар ва уларнинг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш орқали ушбу вазифа ижросига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилмоқдаман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.