Мақолларни ҳаёт қомуси, халқ оғзаки энциклопедияси, ўзига хос бир бадиий-тарихий солнома дейиш мумкин. Улар инсонлар ақлини ўткирлаштиради, нутқини равшан ва таъсирчан қилади, ҳаётда тўғри йўлни танлай билишга, ҳаётий жумбоқлар ва муаммоларни тўғри ечишга ўргатади. Шунингдек, мақоллар ўз ижодкори бўлмиш халқнинг дунёқарашини, маданий, маиший ҳаётини, тафаккур хазинасини жамловчи энг кичик оғзаки ижод намуналари сифатида жуда қадимийдир.

    Инсоният томонидан яратилган мақолларнинг тематикаси кенг ва ранг-барангдир. Айниқса, мақоллар шеърияти ва дидактизми билан қадимдан машҳур  бўлиб, тематик жиҳатдан шу қадар бой, шу қадар кенг, шу қадар ранг-барангки, уларда ижтимоий ҳаётнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб оилавий ҳаётнинг энг кичик урф-одатларигача, олий ахлоқий меъёрлардан тортиб кишилар характеридаги майда-чуйда нуқсонларгача, фалсафий дунёқарашдан тортиб энг кичик жониворларнинг хусусиятигача ўз инъикосини топган. Қисқаси табиат ва жамият ҳаётининг бирон-бир соҳаси йўқки, у мақолларда ўз аксини топмаган бўлсин. Мақоллар ўз навбатида педагогика соҳасида, яъни таълим ва тарбия жараёнида  бизга энг керакли, вақт синовидан ўтган ишончли манба бўлиб хизмат қилади. Албатта, биз улардан ўз ўрнида унумли ва ўринли фойдалансак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

    Биз ўзаро мулоқат жараёнида ўз фикримизни далиллаш учун халқ мақолларидан кўп фойдаланамиз. Бу нарса бизга нутқимизни гўзал, жозибали ва ишончли бўлишида ёрдам беради. Масалан фарзанд тарбияси ҳақида шундай бир фикр бор: “Сен фарзандингни тарбиялама, энг аввало ўзингни тарбия қил. Фарзандингга бирор бир хато ишни қилмасликни қанча уқтирсанг ҳам ўша ишни ўзинг қилсанг, фарзандинг сен каби шу ишни айнан такрорлайди.  Фарзанд - ойнадир”.

    Халқимиз бой маънавий меросининг ажралмас бир бўлаги сифатида яшаб келаётган мақол, матал ва ибораларни ўрганиш, уларда акс этган халқ ҳаётини, инсоний туйғулар тасвирини кўрсатиш ҳар доим долзарблик касб этиб келган. Бизга маълумки, халқ оғзаки ижоди ўз ичига достонларни, афсоналарни, мақоллар ва маталларни олади. Ўзбек миллатини маънавий қиёфасини, ўзлигини кўрсатиб берадиган халқ оғзаки ижодининг намунаси  мақоллар айниқса муҳим аҳамиятга эгадир. Мақолларни ўрганиш ва ўргатиш ёшларимиз маънавиятида ўз миллатига нисбатан ҳурматни, қалбида фахр тушунчасини беради.  Халқимиз турмуш тарзи ифодаланган манбалардан бири сифатида халқ оғзаки ижоди, деб қарашимиз мумкин. Мақоллар эса халқ оғзаки ижодининг йирик намунасидир. Мақолларни ўрганишимиз ўз тилимизга нисбатан ҳурматни, уни ёшларимиз онгига сингдириб уларда қадриятларимизга нисбатан фахр туйғусини ривожлантиришга катта ёрдам беради. Шу билан бирга мақолларимизни чет эл мақоллари билан таққослаш уларни ўрганиш ҳам бошқа миллатларга нисбатан ҳурматни ва уларни дунё қарашидан бохабар бўлишимизга катта туртки боълади. 

    Маълумки, тарбия кўпроқ таълим жараёнида бериб борилади. Болаларга мактабга келган кунидан бошлаб, билим олишга ҳавас туйғуси шакллантирилади. Уларда аста-секин билим олишга эҳтиёж пайдо бўлади ва бу орқали ўқувчилар маънавий озуқа ола бошлайдилар. Бу билан болада келажакка интилиш, орзу-ҳавас, меҳнатга чанқоқлик, хайр-у эҳсонда софдиллик, она-Ватанга меҳр-муҳаббат, фидойилик, миллий ғурур, матонат, меҳр-оқибат, дўстлик, эзгулик каби юксак ҳислар пайдо боълади. Албатта, бу жараёнда халқ мақолларининг ўрни беқиёсдир. Жумладан, мақол жанридаги асарлар ҳам боладаги қўполлик, қўрслик, ёлғончилик, ялқовлик, бепарволик каби иллатларни бартараф этишда ёрдам беради.

    Халқ мақоллари асрлар давомида сайқал топиб, мумтоз қиёфа ва мазмун касб этган, нутқда фаол иштирок этувчи паремик бирлик сифатида халқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари, тарих ва маданият, таълим ва тарбия, одоб-ахлоқ масалалари талқини ва тавсифини, умуман, миллат менталитетини тўла намоён этувчи кўп қиррали ҳодисадир. Халқ оғзаки ижоди томонидан яратилган мақолларнинг мавзу доираси кенг ва ранг-барангдир. Айниқса, мақоллар шеърияти ва дидактизми билан қадимдан машҳур  бўлиб, тематик жиҳатдан шу қадар бой, шу қадар кенг, шу қадар ранг-барангки, уларда ижтимоий ҳаётнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб оилавий ҳаётнинг энг кичик урф-одатларигача, олий ахлоқий меъёрлардан тортиб кишилар характеридаги майда-чуйда нуқсонларгача, фалсафий дунёқарашдан тортиб энг кичик жониворларнинг хусусиятигача ўз инъикосини топган. Қисқаси табиат ва жамият ҳаётининг бирон-бир соҳаси йўқки, у мақолларда ўз аксини топмаган бўлсин. Мақоллар ўз навбатида педагогика соҳасида, яъни таълим ва тарбия жараёнида  бизга энг керакли, вақт синовидан ўтган ишончли манба бўлиб хизмат қилади. Мақоллар тўпламларда етмишдан ортиқ мавзу гуруҳларига бўлинган. Уларнинг ичида нутқ маданияти, муомала, мулоқат одоби масаласига оидларининг ўзи ички таснифлашда оз сўзлаш, тинглаш, сукут сақлаш, ширинсўзлик, тўғри сўзлаш, мушоҳадакорлик, Ватан, касб-ҳунар, фарзанд тарбияси ва ҳоказо мавзуларни ўз ичига олади. Албатта, биз улардан ўз ўрнида унумли ва ўринли фойдалансак мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 

Санобар Саидазимова

Самарқанд давлат университети

Филология факультети магистри