Самарқанд давлат университетида мазкур мавзуда ўтказилаётган IV халқаро илмий-амалий анжуман долзарб муаммоларни ҳал этиш учун илмий асос бўлади…

    Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида IV халқаро илмий-амалий анжуман ўз ишини бошлади.

    Нуфузли анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, конференция ишига муваффақият тилади.

    Рус ва инглиз тилларида олиб борилаётган тадбирда АҚШ, Россия, Германия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон каби хорижий давлатлардан 30 га яқин соҳа вакиллари, Республикамизнинг  240 дан ортиқ мутахассис ва олимлари  ўзларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги маърузалари билан иштирок этмоқда.

    Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, профессор Нурмат Отабековнинг маърузаси анжуман қатнашчиларига ҳавола этилди.

    Шунингдек, конференция доирасида эълон қилинган БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари ўртасида “Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг яхши инновасион тадқиқот иши” танлови ғолиблари тақдирланди.

    - Халқаро конференцияда “Ёввойи меваларнинг парҳез бирикмаларини таҳлил қилиш: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарорлигига қўшган ҳиссаси” номли маърузам билан иштирок этяпман, - дейди Покистоннинг Қуаиди Аъзам университети профессори Муҳаммад Зафар. - Озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат маҳалий, балки глобал муаммодир. Бу каби тадбирлар қашшоқлик, очарчиликни олдини олишга хизмат қилади. Самарқанд давлат университетида анъанавий тарзда ўтказилаётган анжуман озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ечимини топишда дастлабки қадам бўлишига ишонаман. Қолаверса, халқаро ташкилотларнинг бир ерда жам бўлиши келажакда соҳа бўйича ҳамкорлик ишларини амалга оширишда муҳим пойдевордир. Ижобий фикр ва керакли маълумотларга эга бўлганимдан хурсандман. Барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

    - Ҳозирги глобаллашув шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга биргина мамлакат миқёсида эришиб бўлмайди, балки бутун дунё бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш, асосий йўналишларни белгилаш ўта муҳимдир, - дейди СамДУ профессори, академик Бакриддин Зарипов. - Бу борада Самарқанд давлат университетида дунёнинг нуфузли олимлари билан ҳамкорликда анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган «Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал муаммолар» мавзусидаги халқаро илмий анжуман муҳим платформа вазифасини ўтайди. Жорий йил тўртинчи марта бўлиб ўтадиган анжуман соҳада фаолият олиб борадиган нуфузли ташкилотлар ва жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлат олимлари, экспертлар, инвесторлар, мутахассисларнинг  ўзаро тажриба ва фикр алмашиш ҳамда истиқболда режалаштирилган вазифаларни ишлаб чиқишига замин ҳозирлайди...

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.