Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов ҳамда Хитойнинг Сиан архитектура ва технология университети (САТУ) вакиллари билан ZOOM платформаси орқали учрашди.

    Икки томонлама олиб борилган музокараларда халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, Самарқанд давлат университети ҳамда Сиан архитектура ва технология университети билан ҳамкорлик доирасида бир қатор соҳалар: кимё технология, материалшунослик, аниқ ва табиий фанлар, архитектура каби соҳаларда академик алмашинувни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

    -Самарқанд азал-азалдан илм-фан ва маданият маркази бўлиб келган, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Буюк Ипак йўли орқали боғланган ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги алоқалар узоқ ўтмиш саҳифаларига бориб тақалади. Бугунги кунда барча тармоқларда ҳамкорлик алоқалари мавжуд ҳисобланади. Самарқанд давлат университети ва Хитой университетлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бой тарихга эга. Шанхай, Ухан давлат университетлари, Шенси фан ва технология университетлари, Хинжианг физика ва кимё техника институти шулар жумласидан. Мазкур ҳамкорлик доирасида Самарқанд давлат университетининг бир қатор тадқиқотчи ва олимлари Хитой университетларига ўқиш ва стажировкада бўлиб қайтган. Сиан архитектура ва технология университети билан амалга оширилиши кўзда тутилаётган ҳамкорлик замирида ҳам шунга ўхшаш мақсад ётибди. Аммо энди нафақат ўқитувчилар, балки талаба ва магистрлар, докторантура тадқиқотчилари ҳам мазкур университетда стажировка ўташи мумкин бўлади. Қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашинув юзасидан олиб борилган бу каби алоқалар ўз самарасини беради, Ишонаманки, мазкур учрашув икки нуфузли университет нигоҳини бирлаштирган ҳолда илм-фан оламида чуқур салоҳиятли янги авлод кашф этади.

    -Бугунги учрашувда Сиан архитектура ва технология университети ва СамДУ ўртасида кенгайтирилган ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди, - дейди кимё факультети декани Санжар Тиллаев, - Ҳозирги куннинг энг долзарб ва асосий йўналишлари бўлган аниқ ва табиий фанлар, материалшунослик, менежмент, инсон ресурсларини бошқариш, архитектура ва санъатшунослик каби йўналишларда биргаликда магистр ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. САТУ профессор-олимларининг мавжуд имконият ва салоҳиятларини СамДУ олимлари билан бирлаштирган ҳолда ўзаро ҳамкорликда барқарор ривожланган келажак асосларини яратувчи илмий янгиликларга эришиш, илмий-академик алмашинув асосида тадқиқотлар олиб бориш масалаларида бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Ўйлайманки, Самарқанд давлат университети билан САТУ ўртасидаги ҳамкорлик дунё бўйлаб долзарб мавзуларда тадқиқотлар олиб бориш, илм-фан оламида янги кашфиёт ва янгиликлар яратиш учун муҳим омил бўлади.

    Учрашув давомида Самарқанд давлат университети ҳамда Сиан архитектура ва технология университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.