“2022 йил – муваффақиятлар йили...”
Ўтаётган ҳар бир йил инсон ҳаётида ўз изини қолдиради. Шу жумладан 2022 йил ҳам кимдадир шунчаки умрнинг бир йили бўлса, кимнингдир ҳаёт саҳифасига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Хўш, 2022 йил Самарқанд давлат университети талабалари учун қандай йил бўлди?!
Биз ҳар бир соҳада тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ёшларга йил сарҳисоби бўйича қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:
-Ўтаётган йилда шахсий ҳаёт ва фаолиятингизда қандай муваффақият ва янгиликлар юз берди?
- 2023 йилдаги режаларингиз қандай?
-2022 йилда ўқиган китобларингиз орасида ТОП-3 китоб тавсиянгиз?
-Тенгдошларингизга тилаклар...
Маҳбуба Халилова, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, шашка бўйича икки карра жаҳон чемпиони:
- 2022 йил мен учун жуда баракали йил бўлди. Ушбу йилда ёшлигимдан орзу қилган мақсадим Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилдим. Қувонарли томони шундаки, нуфузли мукофотни шахсан давлатимиз раҳбаридан қабул қилганим ҳаётимда унутилмас ҳодиса бўлди. Президентимизнинг менга билдирган ишончи, “Мукофотни олдим деб тўхтаб қолиш йўқ. Сиздан яна катта ютуқларни кутаман” деган эзгу тилаклари менга катта марраларни забт этишга ундайдиган мотивация бўлди. Ўз устимда ишлашда давом этиб, спортда ҳам катта муваффақиятларга эришдим. Сентябрь ойида Қирғизистонда ўтказилган 64 катакли шашка бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиб, 2 та кумуш медални қўлга киритган бўлсам, декабрь ойида 100 катакли шашка бўйича Осиё чемпионатида қатнашиб, олтин медални қўлга киритдим ва Осиё чемпиони бўлдим. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2023 йилда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этаман. Бунда ҳам қатнашиб Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. 2023 йил ўзим таҳсил олаётган соҳам бўйича илмий фаолиятимни давом эттириш, нафақат юртимиз балки жаҳон бўйича нуфузли халқаро нашрларда мақолалар чиқариш ниятим бор.
Кириб келган 2023 йилда тенгдошларимга бахт-омад, юксак шижоат тилайман. Олдингизга қўйган мақсадларингиз сари қўрқмасдан қадам ташланг. Бу йўлда турли тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиий. Булардан мардонавор ўта олган ва ўз мақсади сари фақат ва фақат олға қадам ташлайдиган инсон ҳаётда доим ютади.
2022 йилда ўқиган китобларим орасида ТОП-3 тавсиям:
1. Жеймс Клер “Атом одатлар”
2. Одил Ёқубов “Адолат манзили”
3. Саид Аҳмад “Йўқотганларим ва топганларим”
Азиза Қурбонова, Самарқанд давлат университети психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети талабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби:
-2022 йил ҳаётимдаги энг ёрқин ва омадли йил бўлди, десам хато бўлмайди. Йил бошида халқаро IELTS 6.0 сертификатини қўлга киритган бўлсам, жорий ўқув йилида “Йил талабаси” танловининг университет босқичи ғолиблари орасида совриндор бўлдим. Фаолиятимда илк бор психолог сифатида консультация ўтдим, турли касбдаги инсонлар билан психологик машғулотлар ташкил қилиб, уларнинг руҳиятини ўрганишга ҳаракат қилдим. Бундан ташқари Самарқанд давлат университетига хизмат сафари билан ташриф буюриб, бир ой давомида талабаларга дарс ўтган Бомбей технология университети профессори Азизиддин Хонга таржимонлик қилдим. Бу вақт давомида ҳиндистонлик профессордан жуда кўп нарсаларни ўргандим, фаолият йўналишим бўйича муҳим мавзуларда фикр алмашдим...
Йил якунида Президент стипендияси совриндори бўлдим. Илк бор 15 ёшимда ижтимоий тармоқлардан бирида Президент стипендияси соҳиби ҳақида тайёрланган роликка кўзим тушганди. Ўшандан бошлаб шу эътирофга лойиқ кўрилган ёшларга ҳавасим бўлакча эди. Ўқув йили аввалида стипендия танлови учун ҳужжат тайёрлаш вақтларида жуда иккиландим. Айниқса имтиҳон топшириш учун Тошкентга борганимизда ҳаяжоннинг кучлилигидан суҳбатга кирмай қайтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Аммо ортимда менга умид билан боқиб турган ота-онам, устозларим, қадрли университетим борлиги менга далда бўлиб, суҳбатга кирдим...
Айни Янги йил арафаси, кўнгилларда байрам шукуҳи кеза бошлаган ажойиб бир паллада Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби бўлганлигим байрам кайфиятини икки ҳисса оширди.
2023 йилда олдимга қўйган мақсадларим катта. Яқин кунларда “Юридик психология” номли қўлланмам босмадан чиқиш арафасида. Бундан ташқари илмий ишим бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этиш ниятим бор. Қолаверса, магистратура босқичини чет элда давом эттирмоқчиман. Тенгдошларимга байрам тилакларим: Аввало, ўз орзуларингиз сари курашишдан, ҳаракат қилишдан тўхтаманг. Ҳеч қачон ўқишга кириб олдим, менга шу етади деган фикрда бўлманг. Доимо юксак марраларни кўзлаб парвоз қилишга ҳаракат қилинг. Бу йўлда барчага омад ва муваффақиятлар, улкан зафарлар ёр бўлишини тилайман.
Бу йил ўқиган китобларим ичида ҳаётимни ўзгартирган қуйидаги китобларни тавсия қилган бўлардим:
1. Джон Кехо “Подсознание может всё”
2. Виктор Эмил Франкл “Ҳаётга ҳа де!”
3. Робин Шарма “Ўз Феррарисини сотган роҳиб”
Нилуфар Омонова, Самарқанд давлат университети интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети талабаси, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, ёш тадбиркор:
-2022 йил мен учун энг унутилмас йил бўлди. Шахсий ҳаётимда кўплаб муваффақиятларга эришдим. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятим, ўз соҳамда янги инновацияларни жорий этишда кўрсатган фаоллигим инобатга олиниб, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони, декабрь ойида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонига лойиқ кўрилдим. “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Ихтирочи аёл – 2022” танловининг “Тиббиёт соҳасида энг яхши инновацион лойиҳа” номинациясида ғолиб бўлдим. Кўплаб оммавий нашрларда фаолиятим ҳақида мақолалар, лавҳалар чиқди. Айниқса, Kun.uz га берган интервьюм 205 минг маротабадан ортиқ кўрилди. Шундан кейин одамлар мени “дадасига машина совға қилган дастурчи қиз” номи билан таний бошлади. Ушбу йил ҳаётимда зарҳал ҳарфлар билан битилган йиллардан бири бўлди, десам хато бўлмайди. Давлатимиз раҳбари билан шахсан кўришиб ўз таклиф ва ташаббусларимни айта олганим ва менга билдирилган бу ишонч ҳамда эътироф янги мақсадларим ва юксак марралар сари дадил ҳаракатни давом эттиришимда куч берди. Ушбу ишончни оқлашга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшишга ҳамиша ҳаракат қиламан. 2023 йилда амалга оширишни ният қилган режаларим бисёр. Шулардан энг асосийси, хусусий университет очишни мақсад қилганман. Келгуси йил университетнинг илк қабули бошланади.
Янги йилда тенгдошларимга омад, улкан мақсадлар ва уларни амалга оширишда жасорат тилайман. Ўз мақсадларингиз сари ҳаракатни бошлашдан қўрқманг. Ана ўшанда кун келиб сиз албатта энг зўри бўласиз...
2022 йилда ўқиган китобларимдан тенгдошларимга тавсия қиладиганларим:
1. Отабек Ҳасанов “Лидерлар китоби”
2. Теодор Рузвелт “Лидерлик қонунлари”
3. Роберт Кийосаки “Бой ота, камбағал ота”
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова тайёрлади