Таътилда қандай китоб ўқиган маъқул?
Таътил кунлари бўш вақтни мазмунли ўтказишнинг энг зўр йўли бу – китоблар мутолаасидир. Аммо мутолаа учун қандай китоб танлаш кўпчиликни иккилантиради. Биз китоб танлаш маҳорати, китобларни қандай қилиб тез ўқиш ва тўғри китоб танлаш бўйича айрим саволларга жавоб олиш мақсадида ёш китобхон Марҳабо Маҳкамтошевага мурожаат қилдик. Марҳабо Маҳкамтошева, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси, жорий йилда “Ёш китобхон” танловининг 15-19 ёш тоифасида вилоят бўйича мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичи йўлланмасини олган.
- Мутолаа учун китоб танлашда нималарга эътибор берасиз?
–Китоб танлаш ҳам алоҳида маҳорат десам хато бўлмайди. Бу борада инсоннинг қизиқишлари муҳим аҳамият касб этади. Бирор китобни сотиб олишдан олдин ушбу асар ҳақида қисқача аннотацияни ўқиб кўриш мақсадга мувофиқ. Чунки ҳар кимнинг диди ҳар хил бўлади. Кимдир антиутопияга қизиқади, кимдир детектив асарларга. Мен одатда, қизиқишларим, шунингдек, китоб муаллифи ва асар тақризига таянган ҳолда китоб танлайман.
– Китобларни қандай қилиб тез ўқиш мумкин?
– Шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда шуни айтаманки, маълум бир асарни тезроқ ўқиш учун, энг аввало, унинг “ичига кириб кетиш” керак. Мен кўпинча китобларни иложи борича бир ўтиришда ўқиб тугатишга ҳаракат қиламан. Китобларни тез ўқиш учун иложи борича мутолаа вақти бошқа нарсаларга чалғимаслик керак. Ҳеч ким халал бермайдиган вақтда китоб ўқиш лозим. Бу мутолаа самарадорлигини оширишга ва жараённинг узлуксиз давом этишига ёрдам беради.
Ўқишингиз керак бўлган, аммо ҳеч ўқишга улгуролмаётган китобингизни асло жавонга, кўзингиздан панароқ жойга қўйманг. Бу китоб ҳар доим ёнингизда, кўзингиз тушадиган жойда бўлсин. Шунда китобни тез тугатасиз.
– Ҳар бир тенгдошингиз албатта ўқиши керак, деб билган ва таътилда ўқишни тавсия қиладиган китобларингиз...
1.Рей Бредбери “Фаренгейт бўйича 451 даража”
2.Аҳмад Аъзам “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”
3.Михаил Булгаков “Уста ва Маргарита”
4. Жавлон Жовлиев “Қўрқма”
5. Достоевский “Жиноят ва жазо”
6.Альбер Камю “Бегона”
7.Кафка “Жараён”
8.Мурод Муҳаммад Дўст “Лолазор”
– Қайси асар қаҳрамонига ўхшашни хоҳлардингиз ёки ўрнида бўлиб қолгингиз келган?
– “Жиноят ва жазо” романидаги Раскольниковга.
– Бир кунда ўртача неча саҳифа китоб ўқийсиз? Шу кунгача ўқиб тугатган китобларингиз сонини биласизми?
– Бир кунда ўртача 100-150 бет атрофида ўқийман. Агар ҳеч ким безовта қилмаса 300 саҳифа атрофидаги китобни бир ўтиришда тугатишим мумкин. Шу кунгача ўқиган китобларимнинг аниқ сонини ёзиб қўймаган эканман Тахминан, 600 атрофида бўлса керак. Лекин авваллари ҳар бир ўқиган китобимнинг номи, муаллифи, образлари ва қисқача мазмуни ҳақида ёзиб қўярдим. Бу одат кейинчалик кўплаб танловларда биринчиликни эгаллашимга ёрдам берган.
– 2022 йилда шахсий ҳаётингизда қандай муваффақиятларга эришдингиз?
– 2022 йил ҳаётимда улкан ўзгаришлар ясади. Мағлубият ва ғалабаларга бой йил бўлди десам, муболаға бўлмайди. Шиддатли ва кескин баҳслар, танловлар, қувноқ лаҳзалар билан ўтди. Китобхонлар лигасининг финал босқичига чиқиб, 3-ўринни эгалладим. “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни олдим. 2023 йилнинг 10-20 январь кунлари танловнинг республика босқичи бўлиб ўтади. Айни пайтда шунга тайёргарлик билан бандман. Барча яқинларим, ота-онам, устозларим, қадрдон унивеситетим ва бутун Самарқанд вилояти ишончи елкамдалигини ҳис этиб турибман. Шу ишончни оқлаш, ёруғ юз билан қайтиш учун тинимсиз ҳаракат қиляпман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.