Самарқанд давлат университети тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақулова билан суҳбат

    – Илм йўли машаққатдан ҳоли эмас. Бу йўлни танглашингизга нима туртки берган ёки ким сабаб бўлган?

    – Бу соҳани танлашимга авваламбор отам – Мавлон Жўрақулов сабабчи. Отамни биринчи устозим, деб биламан. Отам тарих факультетида ишлаган кезлари мени тез-тез ўзи билан ишга олиб келарди. Кейинчалик отамга қўшилиб археологик экспедицияларга ҳам бора бошладим. Тарихга, айнан археологияга қизиқишим шундан бошланган. Шу тариқа тарих факультетига ўқишга кирдим.

    Амаким ҳарбий эди. У кишига жуда ҳавас қилардим. Кейинчалик бу ҳавас қизиқишга айланди. Тарих соҳасида ўқисам ҳам юрагимнинг бир четида юридик соҳада ўқиш орзуси милтиллаб турарди. Кейин шу орзуимни амалга ошириш учун ҳаракат қилиб кўрдим. 2000 йилда юридик факультетига иккинчи мутахассисликка ўқишга кириб, имтиёзли диплом билан ўқишни тугатдим. Аммо бу диплом билан ишлаш имкони бўлмади. Барибир, тақдиримизга тарих соҳаси ёзилган экан...

    Ёшлигимда археология соҳаси жуда осон туйилган. Археологияни фақат қазилма жойларни кавлаб, қизиқарли тарихий нарсаларни топишдан иборат деб ўйлаганман. Аммо кейин бу соҳанинг ичига кириб кўрганимдан кейин билдимки,  шунчаки кавлаб топишмас, топилган топилмани тарих олдида “гапиртира олиш” энг асосий нарса экан.

    Тарих факультетидаги фаолиятимни талабалик йилларим Ўзбекистон халқлари тарихи кафедрасида лаборантликдан бошлаганман. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаш давомида жуда кўп нарсаларни ўргандим. Кейинчалик археология кафедрасида ассистент бўлиб ишладим. Шу билан биргадикда аспирантурада таҳсилни давом эттирдим. 2009 йилда “Зарафшон водийси тош ва бронза даври ибтидо қабилаларининг маданияти” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. 

    Тарихнинг тилсиз тилсимларини топиш, уни “сўзлатиш” Ватан тарихини яратиш мураккаб нарса. Фақатгина ўта фидойи аёлларгина бу соҳани танлаши мумкин. Археология соҳасида аёл киши кам. Ойлаб давом этадиган экспедицияларда, оиладан, иссиққина уйдан йироқда юришга тўғри келади. Мен фахр билан айтишим мумкинки, Самарқанд давлат университетида умрини, ҳаётини шу соҳага бағишлаган жонкуяр олимлар, аёл ўқитувчилар бор. Шулардан бири профессор Нонна Аванесовадир.

 

 

    – Аёл олима бўлиш қийин дейишади. Аёл-она-олима-раҳбар... шу тўрт хилқатни бирлаштирган инсонсиз. Буни қай даражада уддаляпман деб ўйлайсиз?

    – Аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида кўп гапирилади. Бу ҳақда баландпарвоз гапларни гапиргандан кўра ҳақиқий фаол ва лидер аёл қиёфасини амалда кўрсатиб бериш керак.

    Раҳбар бўлиш аввало қаттиққўлликни талаб қилади. Кези келганда “Йўқ” дейишни ҳам билиш керак. Бу маънода мен қандай раҳбарман, буни ўзим баҳолай олмайман. Буни бошқалардан сўраш керак. Аммо қаттиққўллигим бор. Барибир раҳбар одамнинг йўриғи бошқача. Раҳбар ҳамманинг диққат марказида, ҳаммага ўрнак ва ибрат бўлади.

    Оилам ва фарзандларим учун ҳамиша яхши она, яхши аёл бўлишга ҳаракат қилганман. Уч ўғилнинг онасиман. Ўғил фарзанд тарбиялаш албатта қаттиққўлликни талаб қилади. Шунинг учун ҳам характеримда қаттиққўллик бўлса керак. Аммо қаттиққўл она бўлишимга қарамасдан ўғилларимнинг ҳар бири мени ўзига сирдош, дўст деб билади.

    Катта ўғлим Шоҳрух Жўрақулов иқтисод соҳасидан кетган. Айни пайтда инсон ресурсларини бошқариш факультети декани.  Иккинчи ўғлим тарихчи, бобо касби археология соҳасида. Кенжаси тиббиёт соҳасида. Аллоҳга шукр, фарзандларимнинг ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини топган.

    –Танлаган соҳангиздан афсусланган вақтингиз бўлганми?

    -Илмнинг машаққатли йўл эканлиги кўпчиликка маълум. Аммо инсон учун ўзи севган соҳа ёхуд иш ҳеч қачон қийин туйилмайди. Севган касбимнинг ҳар бир машаққати мен учун бир роҳатга йўл очади.

    Фаолиятим давомида турли лавозимларда фаолият юритган бўлсам ҳам, ўзимни биринчи навбатда педагог, деб биламан. Педагог-олимнинг жамиятга берган биринчи меваси бу унинг шогирдлари, кейин эса ёзган китоблари, қолдирган илми бўлади. Фаолиятимни педагог номи билан бошладим ва охиригача педагог бўлиб қолавераман. 2012 йилдан бошлаб 6 йил давомида археология кафедраси мудири бўлиб ишладим. 2018 йилдан тарих факультети декани лавозимида фаолият юритяпман.

    Ҳамиша адолатли раҳбар бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки раҳбар ҳар қандай вазиятни одилона баҳолаши, тўғри йўл юрита олиши, тарози паллаларини мувозанатда сақлай билиши керак. Албатта бунда жамоадагиларнинг ҳам аҳамияти катта. Жамоа ва раҳбар худди денгизда сузиб  кетаётган кемага ўхшайди. Капитан фақат ўзини эмас, балки кемадаги ҳар бир одамни ўйлаб иш қилиши керак.

    Муайян ишда ишлайдиган одамнинг бир кунининг ўртача 8-10 соати ишида ўтади. Тасаввур қилинг, ҳар куни шунча вақт бирга ишлаб, бирга меҳнат қилгандан кейин, албатта шу жамоа бир оилага айланади-да. Жамоа – бу оила. Ундаги биргина одамнинг ютуғи бутун жамоаникидир. Менинг ишдаги қўллаб-қувватловчи, кези келганда елкадош ва суянчиғим шу жамоам.

    Мен раҳбар сифатида фаолиятимни бошлаганимда олдимга факультет илмий салоҳиятини юқори даражага кўтариш вазифаси қўйилганди. Тарих факультети жамояси билан биргаликда шу кунга қадар тинимсиз меҳнат қилиб бугунги кунда факультет салоҳиятини 23-25 фоиздан 70 фоизга олиб чиқдик. Келаётган 2023 йилда 75 фоизга чиқиши кутиляпти. Албатта, таълим сифатига қаратилаётган эътибор бизнинг зиммамизга янада каттароқ масъулият юклайди. Эндиликда бу борада фақат сон жиҳатдан эмас, сифат жиҳатдан ҳам ривожланиш асосий мақсадимиз бўлади.

    – Ҳаёт ва фаолиятингизда сиз учун идеал шахс ким?

    – Ўтаётган 2022 йилда факультетда қандай натижалар қайд этилди?

    – Эндиликда факультетнинг нуфузли халқаро университетлар билан алоқаларини кенгайтириш асосий мақсадимиз. Ҳозирги кунда бир қатор халқаро ОТМ лар билан алоқалар йўлга қўйилган. Италиянинг Болонья университети ва археология кафедраси ўртасида қўшма экспедициялар давом этмоқда. Бундан ташқари Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети, Германиянинг Бамберг, Берлин эркин университетлари билан самарали ҳамкорлик алоқалари амалга оширилмоқда. Шунингдек, кафедра тадқиқотчилари Япония, Польша археологлари билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.

    Қолаверса, дунё бўйича ТОП-1000 таликка кирган университетлардан профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш бўйича ҳаракатларни давом эттиряпмиз. Москва давлат университети, Қозон федераль университети, Жанубий Кореянинг Донгкук каби университетларидан профессор-ўқитувчилар жалб қилинган. Бугунги кунда улар талабалар ва тадқиқотчиларга  дарс бериб келмоқда. Тадқиқотчиларимиз Россия, Испания, Туркия каби давлатлар университетларида илмий тадқиқот билан шуғулланмоқда. Қолверса, Самарқанд давлат университети тарих факультетида асосий штатда фаолият юритаётган халқаро профессорлар бугунги кунда дунёнинг нуфузли университетларида Самарқанд давлат университети номидан фаолият юритишади. Масалан Жанубий Кореялик профессор Ёун Мюнг айни пайтда Американинг ТОП-10 университетларидан бири бўлган Ел университетида СамДУ профессори номи билан маъруза ўқимоқда. Университет профессори Алишер Бегматов ҳам АҚШ нинг Нью-Йорк университети профессори сифатида фаолият юритади. Тарих факультети талабаларининг илм-фанда эришаётган ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Талабаларимиз орасида фан олимпиадаси иштирокчилари, номдор давлат стипендиялари соҳиблари бор. Шунингдек, айрим интилувчан ёшлар спорт соҳасида ҳам юқори натижаларга эришмоқда. 

    – Бугунги даражангизга эришиш учун нималардан воз кечгансиз?

    – Қайсидир маънода оилага ажратишим керак бўлган вақтимдан воз кечган пайтларим бўлган.

    – Ўтган умрингизни суратда тасвирлаш керак бўлса унда қандай ранглар бўлади?

    – Оқ, яшил ва қизил.

    – Келгусидаги режаларингиз...

    –  Факультет декани сифатида зиммамдаги вазифаларни тўла даражада бажариш ҳамиша асосий вазифаларимиз қаторида бўлади. Шу билан бирга профессорлик илмий унвонини олиш мақсадим бор.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.