Янги йил кириб келди...
Янги йил кириб келди. Яшаб ўтилган яна бир йил, эришилган муваффақият ва зафарлар ўтмиш саҳифаларига муҳрланди. Йил сарҳисоби бўйича Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчиларининг фикрлари қандай? 2023 йилда қандай режалар амалга ошиши кутилмоқда...
Тошпўлат Ражабов, Самарқанд давлат университетининг Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент:
– Ўтган 2022 йил Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти фаолиятида алоҳида давр бўлди. Чунки мазкур йилда институтимизга асос солинди. Институтнинг илмий-тадқиқот фаолиятини мустаҳкамлаш сари жадал ҳаракат бошланди. Ўтган йилда Агробиотехнологиялар трансфери илмий-тадқиқот лабораторияси ташкил этилди. Лабораториянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида қарийб 3 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар харид қилинди.
Самарқанд вилоятидаги 14 йирик агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш корхоналари билан талабаларининг малакавий амалиётларини ишлаб чиқариш ташкилотларида йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик шартномалари тузишга эришдик. Бундай ҳамкорлик институтда илм-фан ва амалиёт интеграциясини чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан характерлидир.
Ўтган йили институтда нуфузли хорижий олий таълим муассалари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Италиянинг Болонья, Япониянинг Тоттори, Венгриянинг Сегед, Қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари каби университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга муваффақ бўлдик. Айни пайтда мазкур университетларда талабаларни ўқишга юбориш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳамкорлик доирасида Венгриянинг Сегед университети профессори Ференц Лантош институтнинг илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари лавозимида иш бошлади. Ҳозирги вақтда Венгриянинг қатор университетлари ва аграр соҳадаги ишлаб чиқариш корхоналари билан институт ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Институтда ташкил этилган Венгрия ОТМларида таҳсил олишга кўмаклашиш маркази бунинг дастлабки қадами бўлди десам адашмаган бўламан.
Институт талабаларининг Германиянинг аграр ташкилотларида малака оширишлари ва амалиёт ўташлари учун JD East ташкилоти билан шартнома имзоланди. Ушбу шартнома доирасида 2023 йилнинг ёз ойларида 50 га яқин талабалар Германияда малака оширишлари режалаштирилган.
Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қўшработ ва Нуробод туманларида Самарқанд давлат университети раҳбарияти ташаббуси билан яратилган мевали боғларни ташкил этишда институт профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва магистрлари фаол иштирок этди.
Ўтган йил шахсий фаолиятимда ҳам муҳим давр бўлди. Докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. АҚШ нинг халқаро Яйловшунослар жамиятига аъзоликни қўлга киритдим. 2 нафар шогирдим Исландиянинг ЮНЕСКО шафелиги остидаги Ерларни қайта тиклаш халқаро дастури (GRO-LRT) гранти соҳиби бўлди. Уларнинг бир нафари (Абдубакир Қўшбоқов) Исландияда 6 ой илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириб қайтди. Яна бир нафари (Шухрат Валиев)нинг Исландияга сафари 2023 йилнинг март-сентябрь ойларига режалаштирилган.
2023 йилда ҳам институт фаолиятида муҳим янгиликлар бўлиши кутиляпти. Халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам хорижий университетлар билан алоқаларни кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, Институт илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари профессор Ференц Лантош билан биргаликда Самарқанд давлат университетининг биология, география ва экология, кимё ҳамда агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтидан жами 40 нафарга яқин талабалар Венгриянинг “Stipendium Hungaricum” дастури бўйича магистратура ва докторантура йўналишларини Венгрияда ўқишлари учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз. Бу борада институт талабаларидан 10 нафарини магистратура мутахассисликларига ва 2 нафарини докторантурага Венгрия олий таълим муассасаларига, 25 нафарини Германиянинг аграр ишлаб чиқариш ташкилотларига амалиётга юбориш кутилмоқда.
Қолаверса, 2023 йил институт ҳудудида 400 ўринли замонавий талабалар ётоқхонаси қурилиши режалаштирилган.
Айни пайтда Япониянинг Тоттори университети билан ҳамкорликда Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти қошида ушбу университетнинг Қурғоқчил минтақаларда тадқиқот ва таълим маркази (IPDRE) нинг филиалини ташкил этиш учун ҳаракатлар бошланган. Шу мақсадда 2023 йилнинг февраль ойида Тоттори университетига сафар уюштиришни режалаштирганмиз.
2023 йилда барча юртдошларимиз, шу жумладан Самарқанд давлат университети жамоаси ва талабаларига бахт-омад, сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик тилайман. Янги йил қувончли, омадли ва баракали бўлсин! Талабаларимизга янги билим чўққиларини эгаллашларига куч-қувват ва жасорат тилайман. Барчанинг илмий-ижодий фаолиятида улкан муваффақиятлар ва юксак зафарлар ёр бўлсин. Янги йил ҳар биримиз учун энг яхши йиллардан бирига айлансин.
Дилфуза Жўрақулова, Самарқанд давлат университети тарих факультети декани, профессор:
– Ўтган йил тарих факультети фаолиятида салмоқли янгиликлар бўлди. Айниқса, факультетнинг нуфузли халқаро университетлар билан алоқалари бирмунча кенгайди. Италиянинг Болонья университети ва археология кафедраси ўртасида қўшма экспедициялар ўтказиш бўйича шартнома имзоладик. Мазкур келишув доирасида СамДУ археология кафедра олимлари ва тадқиқотчилари Болонья университети археологлари билан биргаликда археологик тадқиқот ишлари олиб борди. “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро анжумани доирасида Анқара Йилдирим Боязид университети билан ҳам бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланишига эришдик. Германиянинг Бамберг, Берлин эркин университетлари билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйиш бўйича келишувларимиз бор. Тарих факультети талабаларининг илм-фанда эришаётган ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Талабаларимиз орасида фан олимпиадаси иштирокчилари, номдор давлат стипендиялари соҳиблари бор. Интилувчан ёшлар спорт соҳасида ҳам юқори натижаларга эришмоқда.
Янги йилда жонажон университетимизнинг барча фидойи ходимлари, ўқитувчилари ва талабаларига сиҳат-саломатлик тилайман. Илм йўлида тортган заҳматларининг самарасини кўриб юрсинлар. Уларнинг илмий фаолиятига янги муваффақиятлар, оилавий тинчлик ва барака тилайман.
Лейля Белялова, Самарқанд давлат университети география-экология факультети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти, биология фанлари номзоди, 2018 йилда ББС томонидан тузилган “Дунёнинг энг нуфузли 100 аёли” рўйхатига киритилган.
– Ўтган йил фаолиятим янги муваффақиятларга бой бўлди. Декабрь ойида БМТ томонидан ташкил этилган “Ҳаракатнинг 17 қиёфаси” фотокўргазмасида Ўзбекистондан танлаб олинган 17 аёл орасида қайд этилдим. Мазкур фотокўргазма бутун дунё бўйлаб стереотипларни бузишга муваффақ бўлган аёллар портретини жамлаган халқаро лойиҳа ҳисобланади. Тошкентда бўлиб ўтган “Ҳаракатнинг 17 қиёфаси” кўргазмасида шахсан Саида Мирзиёева ҳам иштирок этиб, кўргазма қаҳрамонлари фаолиятининг жамиятни яхши томонга ўзгартиришда бошқаларга намуна бўлишини таъкидлади. Бу каби эътирофдан беҳад қувондим. Бу эндиликдаги фаолиятимда юқори қўллаб-қувватлаш бўлди. 2023 йилда режа ва мақсадлар катта. Сентябрь ойида мазкур кўргазманинг Женевада бўлиб ўтадиган якуний қисмида иштирок этаман. Илмий фаолиятда қушлар муҳофазаси ва экологияси бўйича янги халқаро лойиҳаларда қатнашиш ниятим бор. Шунингдек, факультет қошида ташкил этилган “Фламинго” талабалар клуби билан биргаликда янги экспедицияларга чиқиш, қушлар муҳофазаси бўйича самарали натижалар берадиган тадқиқотлар олиб боришни режалаштирмоқдамиз. Бундай тадқиқотлардан биринчиси Ўзбекистон Қушларни ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан ташкил этилган сув қушлари биохилма-хиллигини мониторинг қилиш дастурига мувофиқ клуб аъзолари билан биргаликда “Каттақўрғон” сув омборида ўтказиладиган экспедициялар бўлади. Қолаверса, йил якунига қадар талабаларнинг катта қисмини бирлаштирган экологик лойиҳа ташкил қилиш ҳам режамизда бор.
Янги йилда қадрдон университетимиз жамоасига, барча юртдошларимизга энг эзгу орзулар ижобати ёр бўлишини тилайман. Юртимиз тинч-фаровон, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова тайёрлади.