Самарқанд давлат университети ва Венгрия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик…
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/63bac181b9c63-63bac181b9c64-63bac181b9c65-63bac181b9c66.jpg)
Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти Венгрия аграр олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларни янада кучайтириш мақсадида Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонасига амалий сафар уюштирилди. Сафар чоғида институт директори, доцент Тошпўлот Ражабов ва институтнинг илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари Ференс Лантош Венгриянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Дюла Ковач билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида бир қатор соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, элчи Дюла Ковач Сегед университети ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари университети (МАТE) олимларини СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг ўқув ва илмий соҳаларига кенг жалб қилиш бўйича шароит яратишни алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, СамДУ талабаларининг Stipendium Hungaricum дастури доирасида Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Венгриянинг доривор ўсимликларни етиштириш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган Pannon Pharma ва Gedeon Richter ишлаб чиқариш корхонаси билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва СамДУ талабаларининг ушбу корхоналарда амалиёт ўташларига имкониятлар яратиш учун элчихона кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув давомида келишилган ишларни амалга ошириш учун институт жамоаси Венгрия элчихонаси вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик олиб боради.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.