Ҳиндистонда илм-фан ва сўнгги тадқиқотлар
Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган “Ҳиндистон унивеситетлари ҳафталиги” доирасида илм-фаннинг муҳим йўналишлари бўйича семинар-тренинглар ташкил қилинди. Ҳиндистон математика ва география илми ва улардаги энг сўнгги тадқиқотлар бўйича ўтказилган семинарлар шулар жумласидан…
Ҳафталик давомида университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун “Ҳиндистонда математика илми ва сўнгги математик тадқиқотлар" мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Ҳиндистоннинг Анна университети профессори, Интеллектуал мулк ҳуқуқлари маркази директори Tirunelveli Nellaiappan Shanmugam талабаларга семинар ўтди. Тренингда Самарқанд давлат университети математика факультети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ва талабалар иштирок этди.
Tirunelveli Nellaiappan Shanmugam математика бўйича профессор сифатида турли нуфузли миллий ва халқаро журналларда 130 дан ортиқ илмий ишларини нашр қилган. Профессор Япония, Малайзия, Норвегия, Жанубий Корея ва АҚШ университетларида математика бўйича тадқиқотлар олиб борган. Асосий илмий изланишлари геометрик функциялар назарияси комплекс таҳлили бўйича тадқиқот олиб боради. Анна университети, Ҳиндустҳан университети, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Миср, АҚШ, Уммон Султонлиги, Германия ва Франсиядаги университетларда математика фанидан маърузалар ўқиган.
Шунингдек, семинарда Ҳиндистонда математика илми ривожи ва сўнгги математик тадқиқотлар бўйича математика фанининг тарихи ва ҳозирги кундаги тадқиқотлар хусусида очиқ мунозаралар бўлиб ўтди.
Куннинг иккинчи қисмида Самарқанд давлат университети география ва экология факультетида университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун “Маданий география: Ҳиндистонга алоҳида эътибор" мавзусида Ҳиндистон Жаҳон ишлари бўйича кенгашининг катта илмий ходими доктор Athar Zafar иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди.
Доктор Athar Zafar 2021 йилда ташкил этилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Ўқув марказига раҳбарлик қилади. У Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Каспий денгизи ва нуфузли минтақавий ташкилотлар, жумладан, ШҲТ ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари конференсияси (CICA) бўйича академик тадқиқотлар билан шуғулланган. Илмий фаолиятдан ташқари, у “Ҳиндистон-Марказий Осиё” академик мулоқоти, ҳар йили ўтказиладиган ШҲТ форуми йиғилишларида иштирок этади.
Олим тақдимотда Ҳиндистон урф-одат, маросим ва расм-русумлари ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.