Бугунги кунга келиб нанойўлдошлар фазо илм-фанининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Ер шарининг юқори аниқлик ва ўлчамдаги суратларини олиш, радиация, босим, тортишиш, ёруғлик ва ҳаво таркиби ҳақидаги маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш каби вазифалар физика ва астрономияда муҳим илмий кашфиётларга асос бўлади. Халқаро "UniSat" лойиҳасининг бош мақсади ҳам шу аслида…

    Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти талабаси Нафиса Раҳмонова халқаро “UniSat” дастурида қатнашмоқда. Мазкур лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИCЕФ жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги ва Теч4импаcт ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    “UniSat” физика ва астрономияга қизиқувчи, кучли билим ва салоҳиятга эга бўлган қизлар учун муҳим лойиҳа ҳисобланади. Дастур иштирокчиларга космик технологиялар, радиоэлектроника, дастурлаш, фазодан олинган Ер тасвирларини қабул қилиш ва ишлов бериш ҳамда йўлдошли метеорология технологиялари ҳақида  маълумотларни қайта ишлаш,  бевосита амалиётда синаш  имкониятини тақдим этади.

    -Мазкур дастур доирасида республикамизнинг турли ҳудудларидан 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган жами 150 нафар қиз сафида 4 ой давом этадиган семинарларда иштирок этяпман,-дейди Нафиса Раҳмонова, - Лойиҳа юзасидан берилган топшириқларни бажариш давомида жуда кўп фойдали билимларга эга бўлдим. Ўқишдан бўш вақтларим илмий раҳбарим, ядро физикаси ва астрономия кафедраси доценти Акмал Сафаров билан бирга ядро физикаси ва астрономия илмий ўқув лабораториясида  электроника асослари, дастурлаш, моделлаштириш ҳамда 3Д принтерда объектларни чоп этиш устида ишлаяпман. Яқинда инглиз тили бўйича IELTS 7.5 халқаро сертификатига эга бўлдим. Бу эндиликда менга  соҳам бўйича халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, ўз устимда ишлаш, ядро физикаси бўйича халқаро тадқиқотларни кузатиб бориш имконини беради…

    “UniSat” лойиҳаси – илм-фандаги қизлар учун физика, астрономия, космик технология ва 3Д моделлаштириш соҳаларида билим ва кўникмаларни оширишда жуда катта имконият. Курс якунидаги натижалар бўйича 150 нафар иштирокчи орасидан энг юқори натижа қайд этган 20 нафар қиз финал учун саралаб олинади. Нафиса Раҳмонованинг айни пайтда иштирокчилар орасида финалга чиқиш имконияти юқори.

 

Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.