Самарқанд давлат университетига Венгриянинг Қишлоқ хўжалик ва ҳаёт фанлари университети (Hungarian University of Agriculture and Life Sciences)  халқаро алоқалар бўлим бошлиғи Dr. Золтан Ковач бошчилигидаги делегация  ташриф буюрди. Меҳмонларни халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов ва СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизги институти директори Тошпўлот Ражабовлар қабул қилди.

    Ташрифдан асосий мақсад халқаро ва илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйишдир.

    Музокарада СамДУ талабаларининг Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлигида Самарқандда қурилаётган ширинмия илдизини қайта ишлаш корхонасига жалб қилиш, малака ошириш ҳамда мутахассис сифатида ишга қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, аграр соҳада малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Stipendium Hungaricum дастури доирасида СамДУ талабаларининг Венгриядаги Қишлоқ хўжалик ва ҳаёт фанлари университетда таҳсил олиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

    СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида янги аграр таълим йўналишлари, хусусан боғдорчилик муҳандислиги, қишлоқ хўжалиги биотехнологияси, қишлоқ хўжалиги муҳандислиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифати муҳандислиги йўналишлари ташкил этилади. Ушбу таълим йўналишларини илғор таълим стандартлари асосида ривожлантириш мақсадида “ block teaching ”, яъни алоҳида модуллар асосида ўқитиш учун Венгрия олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.