“Ким ёр анга илм толиби – илм керак”
Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишлаб “Ким ёр анга илм толиби – илм керак” мавзусидаги илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчи ва талабалари, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.
Конференцияда СамДУ филология факультети олимлари “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қиёслаш услуби”, “Шарқ ва ғарб свилизациясида Бобур ижодининг ўрни”, “«Бобурнома»да Самарқанд тасвири” мавзулари бўйича маъруза қилди.
- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди билан танишар эканмиз, унинг нақадар буюк инсон эканлигини англаймиз, - дейди СамДУ филология факультети талабаси Ҳилола Ҳайдарова. – Юртидан узоқда бўлса ҳам Ватанига бўлган муҳаббати, соғинчи уни бир зум тарк этмаганини кўришимиз мумкин. Бобур адолатли ҳукмдор бўлиши билан бирга, адабиёт ихлосманди ҳам эди. Унинг «Бобурнома» асари воқеалар баёни аниқ, ихчам ва лўнда, таъсирчан, энг муҳими, ҳаётий ҳақиқатга мос ва мувофиқлиги билан эътиборлидир. Муаллиф воқеалар баёнида табиат тасвирига, айрим жойлар тавсифига, алоҳида кишиларнинг таърифларига жиддий аҳамият беради. Асарда ўша давр кишиларининг ҳаққоний, реалистик тасвири берилган. Бу нарса Бобурнинг берган маълумотларидаги ишончлиликни таъминлаган. Асар билан яхши танишиш Бобур характерини, ундаги фазилатлар манбаларни аниқлашга имкон беради…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.