Самарқанд давлат университетида 2022-2023-ўқув йилида Президент ва Давлат стипендиялари совриндори бўлган 15 нафар талаба ва уларнинг илмий раҳбарларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Истеъдодли ёшларни ва фидойи домлаларни Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев табриклади:

    ‐ Сизлар университетимизнинг фахр-ифтихорисиз. Минглаб ёшлар орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалардансиз. Ҳамма сизга ҳавас билан қарайди, сиз каби бўлишни истайди. Талаба учун стипендиант бўлиш улкан шараф. Албатта, айни пайтда ҳар бирингиз қилган меҳнатларингизнинг самарасини кўриб турибсиз. Сизни қўллаб турган ва тўғри йўл кўрсатган илмий раҳбарларингизга миннатдорлик билдираман. Ўйлайманки, сизлар бу ютуқ билан тўхтаб қолмайсиз. Келажакда илм-фан ва тараққиёт учун хизмат қиладиган етук кадр бўлиб етишишингизга ишонаман. Сизларга ҳамиша омад тилайман…

    Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтовлар иқтидорли талабаларнинг илмий раҳбарларини фахрий ёрлиқ ва пул мукофот билан тақдирлади. Стипендиантларга Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг тегишли гувоҳномалари тақдим этилди.

    - СамДУ талабаларининг эришаётган ютуқлари, биз профессор-ўқитувчиларга чексиз мамнуният бағишлайди. Менинг ўқувчим, филология факультети 3 курс талабаси Ҳуррият Ўрмонова Алишер Навоий номли давлат стипендиясига сазовор бўлди, - дейди ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Орзибони Юсупова. – Илк бор дарсга кирганимдаёқ билимга чанқоқлиги билан курсдошлари орасида алоҳида ажралиб турадиган бу талабада илм-фанга бўлган иштиёқ ўзгача эканлигига гувоҳ бўлганман. Бу шогирдларим орасида Давлат стипендияси совриндори бўлган иккинчи ўқувчим. Устоз сифатида ўқувчиларимнинг эришган ҳар бир ютуғи мен учун фахр ва ифтихор бағишлайди.

    Шунингдек, Самарқанд давлат университетида таъсис этилган атоқли академиклар Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев, Акбар Отахўжаев номидаги 5 нафар стипендия соҳиблари ва уларнинг илмий раҳбарлари тақдирланди.

 

    Самарқанд давлат университети

    Ахборот хизмати,

    Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.