Япониянинг Тоттори ва Самарқанд давлат университетлари: ҳамкорликнинг янги қирралари
Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация айни пайтда Японияда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Япониянинг Тоттори университети билан халқаро ва илмий соҳаларида ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш ҳамда профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, минтақаларда аграр соҳадаги технологияларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитида татбиқ қилишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқишдан иборат. Шу билан бир қаторда, Японияда қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш бўйича ягона ҳисобланган Тоттори университети марказини СамДУ да очиш бўйича музокаралар ва келишувлар амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур марказ Япония тажрибаси асосида қурғоқчил минтақаларда аграр соҳадаги замонавий технологияларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистонга трансфер қилишни назарда тутади.
Ташриф давомида Рустам Холмуродов Тоттори университетининг қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази директори, профессор Тсужимото Ҳисаши билан учрашиб, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борди. Шунингдек, марказ фаолияти ва лабораториялари билан танишди.
Япониядаги 800 та университет орасида 59 ўринда бўлган Тоттори университети, асосан, биология, кимё, ер фанлари, тиббиёт ва муҳандислик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайди. Талабаларнинг амалиётлари 23 давлатнинг 67 университетларида олиб борилади.
Бугунги кунда Тоттори университетида 20 та илмий-тадқиқот лабораториялари мавжуд. Дунё бўйлаб глобал аҳамиятга молик таълим ва илмий-техник лойиҳаларни амалга ошириб келаётган қурғоқчил минтақаларда таълим ва илмий-тадқиқот халқаро маркази дунёнинг турли нуқталарида ер илм-фанига оид муҳим мавзулардаги тадқиқотларни ривожлантиришга масъул ҳисобланади. Марказ шу кунга қадар 11 та давлатда узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.