Самарқанд давлат университети тарих факультети томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

    Тадбирда СамДУ тарих факултети профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. Дастлаб, тарих факультети ўқитувчилари “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” ҳамда “Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси” каби мавзуларда маърузалар қилдилар.

     – Заҳириддин Муҳаммад Бобур  Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга,  йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир, - дейди СамДУ тарихшунослик ва манбашунослик кафедраси катта ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Тоҳир Маҳмудов, - Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида ном қозонган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан  мустаҳкам ўрин олди. Адолатли шоҳ ва буюк шоир Бобур ўзининг шу каби машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ҳамда ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналаридан ҳисобланади.

    Шунингдек, тадбир давомида тарих факультетининг иқтидорли талабалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди.

    Тадбир якунида “Ёш нотиқ табриги” видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.