“МУНОСИБ ЯШАМОҚ БАХТИ”...
1998 йил ноябрь ойида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан бўшадим. Буни табиий ҳол деб қабул қилганман. Чунки, ҳеч ким умрининг охиригача юксак лавозимда ишлаши мумкин эмас. Насибаси қўшилган пайтгача ишлайди. Бу гапларимни қандайдир бир афсус ёки надомат учун айтаётганим йўқ. Азбаройи, ҳаётий хулосаларим тариқасида баён қилмоқчиман..."
Ушбу сатрлар I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Мардиев ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги “Муносиб яшамоқ бахти” китобидан.
Бугун Самарқанд вилоят адлия бошқармасида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси , “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Робахон Махмудова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмурoдов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев, Самарқанд вилоят ҳокими маслаҳатчиси Нозир Ибрагимов ва бошқалар сўзга чиқишди. Н.Ибрагимов ўз нутқида вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Хусусан, тақдимотда иштирок этган таниқли ҳуқуқшунос олимлар, прокуратура, адлия ва суд тизими фахрийлари, адиблар, давлат ва жамоат арбоблари китоб, шу жумладан, Алишер Мардиев ва бу инсон амалга оширган ишлари ҳамда тўпламнинг бугунги кундаги маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган (муаллифи Арслон Эшмуродов) китоб Алишер Мардиевнинг мазмунли ва синовли ҳаёти ва серқирра фаолияти тўғрисида. Унда машҳур ҳуқуқшуноснинг мамлакатимиз юриспруденцияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ноёб архив материаллари ва далиллар асосида очиб берилган.
Тадбир давомида А.Мардиевнинг босиб ўтган шонли умр йўли, меҳнат фаолияти ҳақида тайёрланган махсус видеолавҳа намойиш этилди. Шунингдек, тадбир қаҳрамони турли йиллардаги иш фаолияти давомида орттирган тажрибаси, билим ва кўникмалари ҳақида йиғилганларга гапириб берди.