Германиялик талабалар
Самарқанд давлат университетининг ёзги мактабида таҳсил олишди…
Самарқанд давлат университетига ёзги мактаб доирасида ташриф буюрган Германиянинг Берлин техника университети талабалари уч ҳафталик ўқув курсини якунлади. Ушбу вақт мобайнида 15 нафар германиялик талабалар юртимиз маданияти, тарихи, қадрият ва урф-одатлари билан танишди.
Шунингдек, рус тили бўйича семинар дарсларда иштирок этди. Хорижлик талабалар СамДУ ёзги мактабида ўқиганлиги учун сертификат ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
- Самарқандга биринчи бор ташриф буюришим. Мен Самарқанд ҳақида эшитгандим, лекин кўп маълумотга эга эмасдим, - дейди Германиянинг Берлин техника университети талабаси Ангелина Яшина. – Шаҳрингиз менга жуда ёқди. Миллийлик, инсонийлик аъло даражада. Халқингиз меҳмондўст, инсонлари бир-бирига жуда ғамхўр. Қадрият ва урф-одатларини йўқотмаган ҳолда анъаналарини давом эттириб келмоқда. Айниқса, Наврўз байрами мен учун эсда қоларли бўлди. СамДУ ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда энг яхши имкониятлар мужассам. Қисқа вақт мобайнида университет ҳақида кўп маълумотларни билиб олдим. Талабаларнинг ўқишидан то яшашигача барча шароитлар аъло даражада яратилган. Айниқса, университетдаги музейлар менга жуда ёқди. Зоология музейи билан танишганимда, ўзимни ҳайвонот оламига тушгандек тасаввур қилдим. Германияга қайтганимда Самарқанд ва университет ҳақидаги хотираларимни яқинларим билан бўлишаман. Бизга барча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб берганлиги учун СамДУ раҳбариятига миннатдорлик билдираман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.