Самарқанд давлат университетига Санкт-Петербург политехника университети ректори Андрей Рудской бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашув ўтказди.

    Ташрифнинг дастлабки қисмида икки томонлама музокаралар олиб борилиб, узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди. Томонлар учун муҳим бўлган соҳаларда профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, техника ва технология соҳаларида муҳандис кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтириш, талаба ва магистрлар учун ёзги мактаб дастурлари ташкил этиш, шунингдек, муҳандислик физикаси соҳасида илмий иш олиб бораётган тадқиқотчиларга Санкт-Петербург политехника университети олимларидан илмий раҳбарлар тайинлаш бўйича бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик шартномаси ва йўл харитаси имзоланди.

    Рустам Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори:

    - Илм-фан соҳасидаги ҳар бир ҳамкорликнинг замирида эзгу мақсад ётади. Бугунги ривожланиб бораётган замонанинг ўзи техника, табиий фанлар, рақамли технология каби соҳаларни ривожлантириш муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Самарқанд давлат университети фундаментал фанлар бўйича тадқиқотлар олиб бориш соҳасида етарлича куч ва илмий салоҳиятга эга. Шу билан бирга техника, рақамли иқтисодиёт, муҳандислик физикаси каби йўналишларда халқаро майдонда тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Санкт-Петербург политехника университети билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз дунёни илм-фан орқали барқарор ривожлантириш асосларини яратади...

    Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида “Ўзбекистонда политехника” кўргазмаси намойиш этилди. Самарқанд давлат университети ва Санкт-Петербург политехника университети ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-ўқув технологик марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда кўргазма иштирокчилари “LabVIEW” тизими ёрдамида ўлчовларни автоматлаштириш” виртуал лабораторияси ҳамда “KAWASAKI” робот қўлини масофадан бошқариш жараёнларини кузатиб, 3Д босиб чиқариш жараёни бўйича амалий машғулотларда қатнашдилар.

    Андрей Рудской, Санкт-Петербург политехника университети ректори:

    -Самарқанд ва Санкт-Петербург шаҳарлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар чуқур тарихий илдизга эга. Икки томон ўртасидаги ҳамкорлик илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида барқарор йўлга қўйилган. Илм-фандаги муносабатларга ҳеч қандай чегара ва масофалар таъсир қилмаслигини тарихнинг ўзи исботлаб турибди. Бугунги тарихий санада ушбу дўстона алоқаларнинг яна бир янги даври бошланмоқда. Икки университет ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-ўқув технологик марказ ўзаро дўстлик алоқаларининг энг катта амалий ифодаси бўлди. Самарқанд давлат университети ўзининг юқори илмий салоҳияти, барқарор ривожланиш стратегиялари билан дунё бўйича алоҳида нуфузга эга. Бугунги ташрифимиз давомида икки томон учун ҳам бирдай манфаатли масалаларда ҳамкорлик шартномалари имзоладик. Ўйлайманки, мазкур келишувлар етук салоҳиятли муҳандис кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлади...

    Санкт-Петербург политехника университети муҳандислик мактаби томонидан корпоратив бошқарув, инсон ресурсларини стратегик бошқариш, илғор материалларни қайта ишлаш технологияси, сувўтларининг амалий биотехнологияси каби бир қатор йўналишларда ташкил этилган ўқув дастурларида қатнашган бир гуруҳ тадқиқотчи, талаба ва ўқитувчилар гувоҳнома ва сертификатлар билан тақдирланди.

    Гавҳар Душанова, Самарқанд давлат университети генетика ва биотехнология кафедраси мудири:

Ирода БЕКМУРОДОВА,

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.