Самарқанд давлат  университети ўзбек тилшунослиги кафедраси тадқиқотчиси Байрам Билир билан суҳбат

    – Самарқанд давлат университетида келишингиз қандай бўлган?

    – Марказий Осиё давлатларида  бўлиш мени ҳамиша ўзига тортган. Илгари мен Қирғизистоннинг Қирғиз-Турк Манас университетида ишлардим. Пандемия сабаб Туркияга қайтишга тўғри келди. Ушак университетида тадқиқотчи сифатида илмий ишларимни давом эттирдим. Бу орада Жўлибой Элтазаров билан танишдим. Кейин Ўзбекистон университетларида ҳам докторантурада ўқиш ва илмий иш ёқлаш фикри туғилди. Бакалавриатда ўқиб юрган пайтларимдан бери қадимги туркий тиллар бўйича тадқиқот олиб бориш ниятим бор эди. Аммо Ушак университетида бу соҳада мутахассис йўқлиги сабаб, PhD ишини бошқа мавзуда ишладим. Домла билан гаплашиб ниятим ҳақида айтганимда, жуда катта қизиқиш билан маъқуллаб, менинг Самарқанд давлат университетига келишимга ёрдам бердилар. Шу тариқа 2020 йил ноябрь ойида ҳужжатларимни топшириб, докторантурага ўқишга қабул қилиндим. 2021 йил март ойида Самарқанд давлат университетига келиб, “Ўрхун ёзувини транскрипциялаштиришдаги фарқлиликлар ва уларнинг юзага келиш сабаблари” мавзусида илмий тадқиқотларимни бошладим.

    – Мазкур илмий ишингизда қандай илмий манбалардан фойдалангансиз?

    – Ўрхун-Энасой ёзувларини транскрипциялаштиришга катта ҳисса қўшган жаҳон олимлари В. Томсон, П. Мелиоранский, В. Радлов, С. Малов, Ғани Абдураҳмонов, Қосимжон Содиқов, Усмон Санақулов каби олимлар тадқиқотлар олиб борган. Бу каби катта тадқиқотлар олиб борилганига қарамай, ҳали-ҳануз баъзи товушларни ўқиш ва транскрипция қилишда баъзи муаммолар мавжуд. Тадқиқотимда шу каби масалаларга ечим топишга ҳаракат қилдим.

    –  Ишнинг асосий илмий янгилиги нимадан иборат?

    – Барча туркий халқларнинг бобо тили қадимги туркий тилдир. У –  бутун турк дунёси халқлари учун ягона ва муштарак ўтмиш ва мустаҳкам тарихий илдизларнинг абадий туташ нуқтаси. Уни ўрганиш, миллатлар дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги сари қўйилган муҳим қадамдир.

    Барча тиллар учун ҳар бир белги ва ҳатто урғу ҳам Англия Халқаро фонетика ассоциацияси таклиф этган транскрипцияга асосланиб ишлаб чиқилиши керак. Бу бир неча асрлар давомида сақланиб келаётган ёзма манбаларни ўрганиш, тушунишни осонлаштиришга ёрдам беради. Шу жиҳатдан Ўрхун-Энасой битиктошлари транскрипцияларини ҳам қайтадан ишлаб чиқдик, фарқлилик сабабларини таҳлил қилдик десам хато бўлмайди. 2022 йил апрель ойида Самарқанд давлат университети Туркология илмий-тадқиқот институти ташкил этилгач, институт қошида очилган тил марказида талабаларга турк тилини ўргата бошладим. Ҳозирда 30 дан ортиқ ўқувчиларим бор. 10 га яқин талабалар турк тилидан B2, C1 даражаларини қўлга киритган.

    Афсус билан айтиш керак, Ўзбекистонда қадимги туркий тил мавзуси жуда кам ишланяпти. Келганимга 2 йил бўлган бўлса, шу вақт ичида фақат 2 нафар тадқиқотчининг шу мавзуда илмий иш ҳимоя қилганини кўрдим. Бугун филология соҳасида ҳимоя қилинаётган илмий ишларнинг умумий сонига нисбатан олсак, бу 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Ҳолбуки, мазкур соҳада жуда катта  ва муҳим мавзулар бор.

    Қайд этиш керак, таянч докторантура диссертацияси ҳимоя жараёнларида бир қанча ютуқли томонлар ҳам кўрдим. Масалан, автореферат масаласи. Туркияда ҳам, Европа давлатларида ҳам бу нарса йўқ. Лекин ўйлайманки, автореферат илмий раҳбар учун ишни текшириб, кузатиб боришда жуда қўл келар экан. Ҳар бир киритилган ўзгаришнинг диссертация матнидан текшириш қўшимча вақт ва меҳнат талаб қилади. Автореферат бу жараённи анча осонлаштиради.

    – Эндиги режаларингиз қандай?

    –  Юқорида айтганим, Ушак университетидаги диссертация ишимни давом эттиришим керак. У ерда “Ўзбек-турк романлари хронотопи” мавзусида ишлаяпман. Тадқиқот сифатида Ойбекнинг “”Қутлуғ қон”, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Ўткир Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор”, Пиримқул Қодировнинг “Қора кўзлар”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб”, Одил Ёқубовнинг “Диёнат” каби романлари, шу билан бирга турк адабиётидан Сабоҳаттин Алининг “Куюжаклик Юсуф”, Факир Байкурт, Ўрхан Камол каби ёзувчиларнинг романлари мисолида ўрганмоқдаман. Мазкур тадқиқот ишимни якунлаганимдан кейин, Ўзбекистонда фан докторлиги (DSC) иши қилиш ҳам ниятим бор.

    –  Шу кунга қадар эришган натижаларингизда Самарқанд давлат университетининг ўрнини қандай баҳолайсиз?

    –  Аввало, астойдил қилинган меҳнат эвазига ҳамда Самарқанд давлат университетининг қўллаб-қувватлаши билан ҳимоямни муваффақиятли якунлай олдим. Бунинг учун университет ректори Рустам Холмуродов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтов, филология факультети профессор-ўқитувчилари, хусусан профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов, илмий раҳбарим Жўлибой Элтазаров, факультет декани Азамат Пардаевга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдириб қоламан. 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.