Самарқанд давлат университети талабаси Нафиса Раҳмонова CubeSat наносунъий йўлдошини учиришда иштирок этади…
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/6432a553ad87d-6432a553ad87e-6432a553ad87f-6432a553ad880.jpg)
Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институти талабаси Нафиса Раҳмонова халқаро “UniSat” дастурида иштирок этмоқда. Мазкур лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг UNICEF жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги ва Tech4impact ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган.
“UniSat” физика ва астрономияга қизиқувчи, кучли билим ва салоҳиятга эга бўлган қизлар учун муҳим лойиҳа ҳисобланади. Дастур иштирокчиларга космик технологиялар, радиоэлектроника, дастурлаш, фазодан олинган Ер тасвирларини қабул қилиш ва ишлов бериш ҳамда йўлдошли метеорология технологиялари ҳақида маълумотларни қайта ишлаш, бевосита амалиётда синаш имкониятини тақдим этади.
Халқаро лойиҳа илм-фандаги қизлар учун физика, астрономия, космик технология ва 3Д моделлаштириш соҳаларида билим ва кўникмаларни оширишда жуда катта имконият яратади.
Танлов тарзда ўтказилган ушбу лойиҳада 170 нафар қиз иштирок этди. 1-босқичда рўйхатга олинган қизлар 4 ойлик семинар машғулотларини олиб бориб, керакли топшириқларни бажарди.
2- босқичда курслардан муваффақиятли ўтган 30 нафар қиз саралаб олинди. 3-босқич суҳбат бўлиб, иштирокчиларнинг илм-фан бўйича олиб бораётган тадқиқотлари сарҳисоб қилинди.
Умумий натижаларга кўра энг юқори натижа қайд этган Топ-20 нафар қиз сараланди.
Дастур финалчилари Тошкентда ўтказиладиган CubeSat наносунъий йўлдошини йиғиш бўйича 5 кунлик буткемпда қатнашади ҳамда ушбу йўлдошни учиришади.
Маълумот учун, Буткемп май ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда...
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.